Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, ЕИ Комиссияси вице-президенти Федерика Могерини Самарқандда ўтказилган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорилик» номли халқаро конференцияда «Евроиттифоқнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан янги ҳамкорлик стратегияси» қабул қилинишини билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Могеринининг айтишича, Иттифоқ раҳбарияти минтақадаги давлатлар билан ҳамкорлик стратегиясини янгилашга қарор қилган.

«​Вақт ўтгани сайин устувор ва долзарб масалалар ўзгариб бормоқда. Ҳар йили ўтказиладиган «Марказий Осиё ва Евроиттифоқ» кўринишидаги вазирлар учрашувининг 13-йиғилишида биз ҳамкорлик стратегиясини янгилашга қарор қилдик. Ҳужжатлар тўплами 18 ойда тайёрланади»​, дейди у.

Европалик вакилнинг фикрига кўра, минтақадаги давлатлар кўмак қабул қилувчи эмас, Иттифоқнинг иқтисодий ҳамкорига айланмоқда. Янги ҳамкорлик стратегияси қабул қилингач айнан давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, жумладан Европа молиявий муассасаларининг минтақада фаол бўлиши кутилмоқда. Шунинг билан Федерика Могерини келгусида «Марказий Осиё ва Евроиттифоқ» кўринишидаги вазирлар учрашувини Брюссель шаҳрида ташкил этишни таклиф қилди. Тахминларга кўра, Брюсселдаги учрашув ҳамкорлик шартларини янги босқичга олиб чиқишда ҳал этувчи йиғилиш бўлади.