Яқин Шарқдаги энг катта авиакомпаниялардан бири Emirates АҚШнинг Boeing компанияси билан 40 та Boeing 787-10 Dreamliner самолёти сотиб олиш бўйича келишувни имзолади. Бу ҳақда Boeing берган баёнотда маълум қилинган.

Самолётлар ва керакли қурилмалар етказиб берилишини ўз ичига олувчи келишув 15,1 млрд долларга баҳоланмоқда. Ушбу келишув Dubai Airshow 2017 авиасалонида имзоланди. 

Emirates Group ижрочи директори шайх Аҳмад бин Саид Ал Мақтумнинг айтишича, самолётлар 2022 йилдан етказиб берила бошланади. “Emirates стратегияси ҳар доим энг замонавий ва самарали самолётларга сармоя қилишдан иборат бўлган ва бугунги кундаги буюртмалар буни акс эттиради. Бугунги баёнотимиз БАА ва минтақадаги авиациянинг келажагига ишончимиз ҳақида гапиради”, деб айтган шайх.

“Emirates компанияси ўз самолётлар паркини кенгайтириш учун Boeing 787-10 Dreamliner’ни танлаганидан хурсандмиз”, деб айтган ўз навбатида Boeing раҳбари Кевин Макаллистер.

Баёнотда айтилишича, АҚШ савдо вазирлигининг баҳолашича, бундай катта кўламдаги битим АҚШда у ёки бу йўл билан 75 мингдан кўпроқ иш ўрни билан таъминлайди.