Mercedes’нинг британиялик пойгачиси Льюис Ҳэмилтон Бразилия Гран-присининг саралаш босқичида болидини уриб олди. Ҳэмилтон икки ҳафта олдин ўтган Мексика Гран-присида муддатдан аввал чемпионликни қўлга киритганди. Бразилиядаги саралаш босқичи натижаларига кўра, 12 ноябрда Сан-Паулудаги асосий пойгада унинг жамоадоши Валттери Боттас биринчи бўлиб старт олади.

“Формула-1”нинг 19-босқичи саралаш пойгаси Боттаснинг ғалабаси билан якунланди. У “Интерлагос” автодромида Ferrari аъзоси, 4 карра жаҳон чемпиони Себастьян Феттелни бир сониядан ҳам камроқ вақтга ортда қолдириб, трасса рекордини ўрнатди (1.08,322).

Асосий пойгада учинчи бўлиб Ferrari’нинг яна бир аъзоси Кими Райкконен старт олади.

Пойгачилар 71 та айлана, умумий ҳисобда эса 306 км йўл босиб ўтадилар.

Ҳэмилтон эса пойганинг биринчи сегментида болидини яроқсиз ҳолга келтирган. У 6-бурилишда бошқарувни эплай олмаган ва натижада болид айланиб кетиб, трассадан чиқиб кетган ва тўсиққа бориб урилган.

Пойгачи болиддан мустақил равишда чиқа олган ва расмиятчиликка амал қилган ҳолда шифокор кўригига йўл олган. “Барчаси жуда тез юз берди. Бошқа айтадиган гапим йўқ. Қийинчиликларни енгиб ўтиш ҳаётни маънога тўлдиради”, деб изоҳ берган муваффақиятсизликка пойгачи. 

Шахсий ҳисобда Ҳэмилтон 333 очко билан Феттелни 56 очко ортда қолдирмоқда. 2-ўриндаги Феттелда 277 очко бор. 3-ўринни эса 262 очко билан Боттас, 4-ўринни Даниэл Риккардо (192 очко), 5-ўринни Райкконен (178), 6-ўринни эса Макс Ферстаппен (148) эгалламоқда.

Пойганинг охирги – 20-босқичи Абу-Дабида 24-26 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.