Англиянинг Ипсвич шаҳридаги бошланғич мактаблардан бирининг раҳбарияти болаларни кўчада ҳаттоки кучли ёмғир вақтида ўйнашга мажбур қилиши баъзи ота-оналарнинг танқидига сабаб бўлди. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда

Гап Paradigm Trust мактабида жорий қилинган чиниқтириш ўйинлари ҳақида кетмоқда. Мактаб директори Бен Картернинг айтишича, ёмғир остидаги ўйинлар болаларни ривожлантиришда нормал ҳисобланади. Бироқ ҳамма ота-оналар ҳам унинг бу фикрига қўшилишмаган.

“Бу жирканчдир. Уларни жала вақтида сайр қилишга мажбур қилишган. Мен итимни ҳам бундай об-ҳавода кўчага чиқармайман. Улар бутун кун жиққа бўккан ва совқотган ҳолда бўлишган”, деб айтган болалардан бирининг онаси.

Яна бир она Facebook’да болаларни майда ёмғир вақтида сайр қилдиришларига қаршимаслигини, бироқ жала вақтида болаларни кўчага чиқаришганда “ота-оналар ғазабланишларини” ёзган. 

Мактаб директори ота-оналардан ҳаммани ҳам мактабдаги қоидалар ўзгарганидан  огоҳлантирмагани учунгина узр сўраган. У барча ота-оналарни фарзандларини мактабга “кузги об-ҳавога мос ҳолдаги пойабзал ва курткаларда юборишга” чақирган.

“Аввалги авлодларга нисбатан ҳозирги болалар кўп вақтларини экранларга тикилганча, уйларидан чиқмаган ҳолда ўтказадилар. Улардан кўпчилиги унча-бунчага ўзларини уринтирмайдилар”, деб айтган мактаб директори ва келгусида “ёмон об-ҳаво шароитида” болаларга хоналарда ўйнашга имконият берилишига ваъда берган.