Италия терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашининг гуруҳ босқичида иккинчи ўринни эгаллади ва  Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатидан қолиб кетмаслиги учун Швеция тўсиғидан ўтиши керак бўлади. Жума оқшомида ўтказилган биринчи учрашувда итальянлар 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишди. Қуйида Жампьеро Вентура жамоасидаги асосий муаммоларни кўриб чиқамиз.

Италия терма жамоаси инқироздами?

Албатта инқироз мавжуд. Нафақат натижалар, бундай таркиб билан «адзурра» жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқиши керак. Итальянлар ҳозирда ўзига хос ўйин услубларини йўқотишган, шу билан биргаликда замонавий футбол ҳам намойиш этишмаяпти. Натижада, ҳеч қандай ўзига ишонч йўқ, Швеция билан биринчи ўйин натижаси ҳам буни исботлади.

Ёмон ўйин сабаби нимада?

Одатда ҳамиша мураббийни икки нарсада айблашади: нотўғри тактика ва таркибни танлашдаги хато сиёсат. Жанпьеро Вентурага Италия терма жамоасидаги фаолияти учун иккиланмасдан икки қўйиш мумкин.

Вентура қандай тактик ўзгаришлар қилди?

4-2-4 ва 4-4-2 схемаларини қўллаш. Италия ёшлар терма жамоалари 4-3-3 схемаси бўйича ўйнаб келишади, А Серия жамоалари ҳам 4-3-3, 3-5-2, 4-3-1-2 ва 4-3-2-1 схемаларидан фойдаланишади. 

Ҳатто Луиджи Дельнери – Сакки мактабининг охирги рицари ҳам 4-4-2 схемасидан воз кечган. Чунки футболчилар терма жамоа йиғинига келгач, бошқа схемага мослаша олишмайди, мураббий қисқа муддатли йиғин вақтида барча талабларини бажартира олмайди. Бунга фақат Конте қодир эди, аммо ўшанда футболчилар бутунлай бошқача машғулотлар ўтказишар, улар бор кучини майдонда ташлаб, клубларга бир аҳволда қайтишарди.

Ярим ҳимоячилар 4-4-2 схемасига мослашиши нега қийин кечади?

Бундай схемада рақиблар қанот футболчилари ортга қайтавериши шарт бўлмагани учун ҳужумда сон жиҳатдан устунликка эга бўлишади. Итальянлар кўниккан услубда медиано - ҳимоядан чиқишга жавобгар амплуа ва икки медзаллар (яна ярим ҳимоячилар) бор. Медзаллар сал олдинроқда ҳаракатланишади ва турли вазифаларни бажаришлари мумкин. Жумладан, симметрик ўйин қуриш (бунинг эвазига позицион ҳужумлар учун турли вариантлар ҳосил қилинади), шунингдек, прессингни кенг олиб бориш.

Марказда икки ярим ҳимоячи қолар экан, улар универсаллар бўлиши талаб этилади – худди Райкард ва Анчелотти каби. Бу Сакки назариясидаги асосий қоида эди, ўшанда Италияда 4-4-2 илк марта қўллана бошланган. Вентура эса буни ҳисобга олмади ва унинг жамоасида ўрта чизиқ бошқаларидан ажралиб қолмоқда.

Вентура яна қаерда хато қилди?

Барча тактик омадсизликлар – 4-2-4/4-4-2 ортидан рўй бермоқда. Масалан, клубида Лоренцо Инсинье қанот ҳужумчиси сифатида ўйнашга ўрганган, уни ҳамиша ортдан ҳимоячилар ва шунингдек, Ҳамшик (ёки Зелиньски) суғурталаб туришади. Нафақат суғурталашади – улар доимий равишда бир-бирига ўйнайди. Терма жамоада эса Лоренцо доимо ортга, ҳимоягача қайтишга мажбур. Итальян журналистлари эса уни мазах қилишмоқда. Чунки, Инсинье терма жамоада ўзини умуман намоён эта олмаяпти.

Бундан ташқари, Вентура ҳужумда Белотти – Иммобиле тандемидан фойдаланмоқда, аммо бу ҳужумчилар бир-бирига мос тушмаган. Клубларида уларнинг иккиси ҳам ягона марказий ҳужумчилар сифатида ўйнашади ва терма жамоада улар бир-бирига жуда яқин ҳаракат қилишмоқда. Балки «Торино»нинг собиқ бош мураббийи бўлган Вентура бу жамоанинг ўтмишида «Эгизаклар» номи билан машҳур бўлган Франческо Грациани ва Паолино Пуличи жуфтлигига ҳавас қилгандир? Аммо у кутган натижа бўлмаяпти.

Кадрлар сиёсатида нимадир ўхшамаяпти

Биринчидан, Жоржиньога ишонч билдирилмади, у аввал ҳам Италия термасида ўйнаганди, аммо унинг иккинчи марта таркибга жалб этилиши фақат плей-офф ўйинлари арафасида бўлди. Аслида уни ўтган йилиёқ термага чақириш керак бўлганди, у термада асосий фигурага айланиши мумкин эди. Вентура эса «Наполи»даги позицияси туфайли уни ўз схемаларига тўғри келмайди деб ҳисоблади, Жоржиньо эса Бразилия термасига ўтиб кетишига сал қолди. Ҳа, у даҳо эмас, аммо жисмоний жиҳатдан жуда етук. Унинг фойдаси теккан бўларди.

Иккинчидан, Грациано Пелледан жуда эрта воз кечишди, у аввалги саралашларда терма жамоа учун кўп натижа келтирганди. Мураббий футболчини ўйинлардан бирида захирага олгач, футболчи норозилик билдириши бунга сабаб бўлди. Пелле, ўшанда тезда узр сўраган, аммо мураббий унга эшикларни бутунлай ёпиш учун шу воқеанинг ўзи кифоя қилди.

Учинчидан, Симоне Дзадзани инкор қилиш. Ҳолбуки у ҳозирда «Валенсия»да жуда ёрқин ўйинлар намойиш этмоқда. У Белоттидан фарқли равишда Иммобиле билан мувофиқликда ҳаракатлана олади. Конте даврида Дзадза ва Иммобиле бир-бирларининг ўрнини алмаштириб ҳаракат қилишган – бири орқароққа ўтса, иккинчиси олдинга ўтган. Бундай маневрлар рақибни чалғитар ва «адзурра» ҳужумда кўплаб вариантларга эга бўларди.  

Шунингдек, Себастьян Жовинко унутилди. У таркибда «итальян Мертенс» вазифасини бажариши мумкин эди, Конфедерациялар кубоги ва Европа чемпионати қаҳрамони Эмануэле Жаккерини, шунингдек, айни вақтда Франция чемпионатида кучли ўйин кўрсатаётган Марио Балотелли ҳам термага фойда келтириши мумкин эди, аммо уларга имкон берилмади.

Шундай тасаввур уйғонадики, Вентуранинг айрим футболчилари талабга жавоб бермайди.

Пелле ва Дзадза чорак финалда Германияга қарши ўйинда пенальтидан фойдалана олмагани шунчалик ёмон оқибатларга эгами?

Йўқ. Кулгили мемлар бош мураббийнинг танловларига таъсир кўрсатмаслиги керак эди. Футбол ҳақидаги машҳур итальянча қўшиқда шундай дейилади: Пенальтини ура олмагани учун футболчиларни қораламаймиз. Биз уларнинг ботирлиги, альтруизми ва фантазияларига эътибор қаратамиз. Ахир Донадони, Баджо ёки Ди Бьяджога крест қўйдикми? Улар ҳамиша қайтишган ва бизни хурсанд қилишда давом этишган.

Ҳозирги авлод ростдан ҳам тарихдаги энг кучсизими?

Ҳа. Бундай кучсиз таркиб 1949 йили «Буюк Торино»нинг ҳалокатидан кейин ҳам бўлмаганди. Умуман, ҳар бир кейинги авлод аввалгисидан кучсизроқ бўлиб келмоқда.

Фақат бир истисно бор – 1970-йиллар охиридаги давр. Ўшанда А серияда қарийб 10 йил давомида ЖЧ-78да натижага эришиш учун хорижлик футболчиларга тақиқ қўйилганди. Кабрини, Росси, Жентиле, Тарделли, Ширеа, Антоньони – бу олтин авлод Аргентинада ёрқин ўйинлар кўрсатган, 4 йил ўтиб эса Италияга учинчи чемпионликни келтирган (ундан аввалги чемпионлик асрнинг биринчи ярмида эди). Улар ўзларидан олдинги авлоддан ростдан ҳам кучлироқ эди. Улардан кейин яна пасайиш давом этди.

Аввалги чемпионларни Б Серия жамоалари ҳам енга олади дейишади

Бу худди замонавий физика ўқитувчисини Исаак Ньютон билан таққослашдек гап. Биттаси университетни тамомлаган, иккинчиси асос қоидаларни яратган. Таққослаш ўринсиз, лекин натижаларга қараш мумкин.

Қараймиз: ўн йил бўлмоқдаки Италия ёшлар терма жамоалари (U17 дан U23 гача) – биронта турнирда ғолиб бўла олмади. Бу вақтда – Испания, Германия, Франция ва  ҳатто Англия – қатор совринларни қўлга киритди. Италиялик буюк футболчилар орасида энг ёши - 1979 йилда туғилган. «Саксонинчи йиллар» вакилларидан фақат Даниэле Де Россини ажратиб кўрсатиш мумкин. Аввалги замонларда эса буюклар деярли ҳар йилда туғилган.

Бу натижаларда Федерация ҳам айбдорми?

Карло Тавеккио барчасига масъул, аммо бу ерда унинг айби йўқ. У А Серияда легионерлар бўйича чеклов қўя олмайди. Вентура терма жамоага тайинланганида, спорт ишлари директори Марчелло Липпи бўлиши кутилганди. Аммо унинг ўғли агентлик фаолияти билан шуғулланиши туфайли бу номзод тўғри келмади. Лекин кўпчиликнинг фикрича, Дон Марчелло бўлганида бунинг нафи теккан бўларди.

Ҳозирда Тавеккио янги мураббий қидираётгани ҳақида гаплар юрибди. Аммо Конте кетганида ҳам номзодлар рўйхати узун эмасди: Вентура, Дзаккерони, аёллар терма жамоаси мураббийи Антонио Кабрини ва Роберто Манчини. Дзаккеронининг услублари эскирган. Манчини? У жуда кўп пул хоҳлайди. Аллегри эса фақат клубларда ишлаган.

Швеция Италия учун кўнгилсизлик келтирадими?

Биринчи ва охирги марта Италиясиз жаҳон чемпионати 1958 йилда кузатилган. Ўшанда барчаси ақлга сиғмас даражада рўй берганди. Ўша жаҳон чемпионатигача ўтказилган мундиалда икки марта чемпион бўлган Италия саралаш босқичида муаммога дуч келади. Лекин италияликларни охирги турда Шимолий Ирландия билан ўйинда дуранг ҳам қониқтирарди.

Аммо бу тарихга табиат аралашади. Ўйинни бошқариши керак бўлган венгриялик ҳакам Иштван Жольт (у Венгриядаги опера театрида ишлаган) қалин туман туфайли Лондонда ушланиб қолиб, Белфастга етиб бора олмайди. Натижада, ўйинга британиялик ҳакамлар тайинланади, италияликлар эса бунга қаттиқ норозилик билдиришади.

Якунда ФИФА бу ўйинни ўртоқлик учрашуви мақомида ўтказиш ҳақида қарор чиқаради. Ўйинда италияликларни қониқтирадиган натижа - 2:2 ҳисоби қайд этилганди. Ўйин ўта асабий руҳда ўтган, мезбон жамоа фанатлари стадионга тушиб кетишганди.

Бир ой ўтиб, расмий учрашув ҳам ўтказилади, аммо бу ўйин Италиянинг 1:2 ҳисобидаги мағлубияти билан тугайди ва итальянлар илк марта мундиалдан қолиб кетишади.

Қизиғи ўшанда, 1958 йилги жаҳон чемпионати Швецияда ўтказилган. Бу сафар Швеция италияликларни турнирдан қолдириши мумкин.

Вентура нима қилиши керак?

Биринчидан: клублар билан максимал даражада алоқалар ўрнатиши керак. Масалан, «Интер»нинг ўнг қанотида муваффақиятли ўйнаётган Д’Амброзио ва Кандрева боғламидан фойдаланиш мумкин. Номларга эътибор қаратмаслик керак. 

Иккинчидан: футболчиларнинг жисмоний ҳолатини диққат билан кузатиш керак. У Инсинье ва Эл-Шааравини мусобақалаштирмоқчими? Бу зарарли ғоя, ахир улар биргаликда ҳаракатланиши мумкин.

Италия учун мундиалга бора олмаслик - фожиами?

Йўқ. Бу ҳолатда боргандан, бормаган маъқул. Ахир мухлислар терма жамоадан фақат биринчи ўринни кутишади. Ҳозирги ҳолатда эса бунга реал имкониятлар йўқ. Қолаверса, кейинги мундиалда яхшироқ қатнашиш учун сабоқ бўлади. Масалан, Франция қаторасига икки мундиални ўтказиб юборган ва кейин жаҳон чемпиони бўлган.

Агар Италия жаҳон чемпионатига чиқа олмаса, Вентура ва Тавеккио кетиши керакми?

Вентура истеъфо беради – у эски давр кишиси. Тавеккио – аниқ эмас. Аммо ислоҳотлар албатта бўлиши керак. Деметрио Альбертини Италия футбол федерацияси президенти бўлиши керак. Шу билан бирга унутмаслик керакки, Альбертини –  Жанкарло Абетенинг худди ўзи. Ёш технократ. Бу ҳам яхши, ҳам ёмон.

Яхши томони шуки, у Аньелли билан тил топиша олади. «Юве» президенти кўп фойда бериши мумкин. Масалан, Италия жаҳон чемпионати мезбонлиги учун ариза берса. Бу орқали мамлакатда футбол тузилмалари янгиланиши, янги стадионлар қурилиши ва бошқа лойиҳалар амалга оширилиши мумкин.

Бунинг учун кўп қурбонлик берса арзийди. Ахир 1990 йилги жаҳон чемпионатидан буён кўп вақт ўтди, Италия эса бир жойда депсиниб турибди.

Кимни мураббий қилиб тайинлаш керак?

Чезаре Пранделли яхши вариант, Андреа Пирло унга ёрдамчилик қилиши мумкин.

Бу тандем кўп ҳомийлар топиши, шунингдек, терма жамоада ажойиб муҳит ҳосил қилиши мумкин.

Яхши футболчилар ўнлаб йиллар давомида терма жамоага ёрдам бериши мумкин. 

«Ҳозирча, нима иш қилишим ҳақида бир қарорга келмадим. Балки мураббий бўларман. Ҳар холда, мураббийлик лицензиясини олмоқчиман. Кучли иштиёқни сезишим биланоқ, албатта мураббийлик фаолиятини бошлайман», деди Пирло.

Пранделлига эса айни вақтда рақобатчининг ўзи йўқ. У бу сафар ишончни оқлаши мумкин. 

Моя Италия блоги