Шимолий Корея делегациясининг октябрда Россия президенти Владимир Путинга берилган мактубида Пхеньяннинг АҚШга зарба беришга тайёрлиги ҳақида сўзланган. Бу ҳақда номи айтилмаган манбага иқтибос келтирган ҳолда “РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар қилди.   

“Владимир Путин номига ёзилган ва Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко орқали берилган хатда Пхеньяннинг АҚШга ядровий зарба беришга тайёрлиги айтилган. Бу хат мазмуни АҚШга етказилган, шундан кейин Вашингтоннинг Шимолий Корея бўйича позицияси ўзгарган”, деб айтган манба.

Октябрда Шимолий Корея вакили Матвиенкога Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг Путинга ёзган хатини топширган. Матвиенко бу Шимолий Корея етакчисининг Дональд Трампнинг БМТдаги нутқига табиий муносабати бўлгани ва унда “ҳеч қандай оламшумул нарса йўқлигини” айтган.