Япониянинг FutureModel компанияси ҳажми кредит картасидан кичикроқ (90х50 миллиметр) бўлган NichePhone-S Android-смартфонни сотувга чиқарди.

Унинг қалинлиги 6,5 мм, оғирлиги эса 38 граммни ташкил этади.

Смартфон 2 ядерли MediaTek MT6572A процессори билан бошқарилади ва 550 мА/соат сиғимли батарея билан жиҳозланган. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг ишонч билдиришича, бу батарея смартфон 72 соат ишлаши учун кифоя қилади (унда 3 соат узлуксиз гаплашиш мумкин).

Ушбу митти смартфон Android 4.2 операцион тизимида ишлайди ва Bluetooth, 3G, LTE ва модем режимини қўллаб-қувватлайди.

NichePhone-S фойдаланувчилари овозли қайдларни ёзиб олиши, шунингдек, «булут»дан мусиқа қўйиши мумкин.

Бу смартфонни ҳамёнга солиб юриш мумкин, калькульяторни эслатадиган бу смартфоннинг нархи ҳам ҳамёнбоп - 88 доллар. Ўзбекистондаги расмий курс бўйича бу 710 минг сўмга яқинни ташкил этади.