Саудия Арабистони Яман миллий валютаси – риални қўллаб-қувватлаш учун Яман марказий банкига 2 млрд доллар миқдорида депозит киритади. Бу ҳақда 11 ноябрда Яман президенти Абд Раббо Мансур Ҳодий маълум қилган.

“Саудия ҳукумати Яман марказий банкига маҳаллий валюта – Яман риалини барқарорлаштириш мақсадида 2 млрд доллар беради”, деб маълум қилган Ҳодий Яман ҳукумати аъзоларининг Ар-Риёдда ўтган учрашувида. Унинг айтишича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон қиролликнинг Яманда қурилиш, инфратузилмани тиклаш, таълимни ривожлантириш ва бошқа соҳаларга катта маблағлар ажратишга тайёрлигини маълум қилган. 

“Бу маблағлар 2018 йил бошидан туша бошлайди”, деб қўшимча қилган Яман президенти.

Айни вақтда Яман риалининг долларга нисбатан курси 1 долларга 440 риални ташкил қилади. Яманда қуролли можаро бошлангандан бери миллий валюта қиймати 100 фоиздан кўпроққа тушиб кетган ва ҳамон тушишда давом этмоқда, бу эса нархларнинг мунтазам ошишига олиб келмоқда. 

Яманда 2014 йил августидан бери ҳукумат қўшинлари ва ҳусийлар орасида қарама-қаршилик давом этиб келмоқда. Яманнинг ҳуқуқ ва тараққиёт маркази маълумотларига кўра, 2015 йил баҳоридан то шу кунгача мамлакатда 10 мингдан кўпроқ тинч аҳоли ўлдирилган, улардан 2,4 минги болаларни ва 2 мингга яқини аёлларни ташкил қилади. Шу давр ичида 18,5 минг яманлик жароҳат олган.