Москвадаги Черкизов бозорининг собиқ эгаси Тельман Исмаиловга тегишли бўлган Туркиянинг Анталия шаҳридаги Mardan Palace меҳмонхонаси талон-тарож қилинмоқда. Туркиянинг Milliyet нашри ёзишича, меҳмонхона ҳудудидан тилла сув югуртирилган тўсиқ ва панжаралар ўғирлаб кетилган. 

Нашрнинг таъкидлашича, “люкс” тоифасидаги меҳмонхона августдан бери меҳмонларни қабул қилмай қўйган, сўнгра қарзи сабабли электр ва сув тармоғидан узиб қўйилган ва натижада сигнализациясиз қолган. Меҳмонхонанинг деярли барча ходимлари кетиб қолишган. Фақатгина бир неча қўриқчилар ўз жойларида қолганлар. 

Таъкидланишича, сигнализация ишламаслиги туфайли меҳмонхонага ўғрилар кириб, уни талон-тарож қилишни бошлашган. 

Mardan Palace 2009 йилда қурилган. ОАВ маълумотларига кўра, меҳмонхона қурилишига 1,4 млрд доллар сарфланган. 2015 йил 2 ноябрда меҳмонхона қурилишининг йирик кредитори бўлган Туркиянинг Halk Bankası банки томондан 123 млн долларга сотиб олинган.

Фото: Mardan Palace

61 ёшли Тельман Исмаилов 2000-йиллар бошида танилган AST Group компаниялар гуруҳи эгаси бўлган. 2015 йилда Исмаилов судга банкротлик ҳақида ариза топширган ва узоқ вақтдан бери хорижда қолмоқда.

Фото: Mardan Palace

11 ноябрда Москванинг Басман туман суди 30 октябрда Исмаиловни икки қотилликни ташкиллаштириш айблови билан сиртдан ҳибсга олиш ҳукмини чиқаргани маълум қилинди.