Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ давлат раҳбари Дональд Трамп шанба куни Вьетнамдаги саммит доирасида қисқа муддатли учрашув ўтказиб, Сурия бўйича қўшма баёнотни мувофиқлаштиришди. Путин ўтган йили Америка президенти сайловларига Москванинг алоқаси йўқлигини яна бир бор таъкидлади. Reuters шу ҳақида хабар берди.

Икки давлат раҳбарининг ушбу учрашуви июль ойидан бери бўлиб ўтган биринчи учрашувидир. Россия президенти АҚШдаги президентлик сайловларига аралашганига доир айбловларни яна бир бор рад этди, Трамп эса Путинга ишонишини айтди.

"У ҳар сафар мен билан учрашганида бундай қилмаганини айтади ва мен унга ҳақиқатда ишонаман", - деди Дананг курорт шаҳардан Вьетнам пойтахти Ханойга қараб йўл олаётган Трамп.

"Ўйлашимча, бу унга нисбатан ҳақоратдир ва бу бизнинг мамлакатимиз шаънига яхши иш эмас", - дейди АҚШ давлат раҳбари.

Фото: AFP 2017 / Jorge Silva, pool

Республикачилар билан рақобатлашувчи Демократлар партияси сиёсатчилари Трамп сайлов олди кампаниясининг Москва билан алоқадорлигига доир далилларни топишга уринишмоқда. Махсус прокурор Роберт Мюллер эса бу борада алоҳида тергов олиб бормоқда, унинг доирасида штабнинг собиқ раҳбари Пол Манафорт ва унинг маслаҳатчиси Рик Гейтсга нисбатан айбловлар қўйилди. Республикачи президентнинг ўзи эса Кремль билан  келишувга доир баёнотларни "сафсата" деб атамоқда.

Америка махсус хизматларининг хулосасига кўра, электрон тизимларни бузиб кириш, шунингдек сохта янгиликлар ва тарғиботларни тарқатишни ўз ичига олган операцияга шахсан Путиннинг ўзи раҳбарлик қилган, мақсад - Хиллари Клинтонни дискредитация қилиб, Трампнинг ғалабасини таъминлаш бўлган.

Россия томон мазкур айбловларни бир неча маротаба инкор этган.

Данангдаги саммит якунлари бўйича ўтган матбуот анжуманида Путин Манафортни Россия билан тахминий алоқадорликда айблашдан Трампнинг рақиблари манфаатдор эканини айтган.

"Россия билан ягона алоқа - бу унинг Америка пиар агентлиги раҳбари ва эҳтимол, эгаси сифатида шу соҳада ишлайдиганлар билан ишбилармон сифатида шартномалар имзолаганидадир, у Украина билан, шу жумладан собиқ президент Янукович билан ҳам ишлаган. Бироқ бунинг Россияга қандай алоқаси бор, тушунмайман. Ҳеч қандай! Шунчаки қуруқ сафсата ва АҚШнинг амалдаги президентига қарши кураш учун ҳар нарсани баҳона қилиш. Шундай бўлса-да, яна бир бор такрорлайман, бу бизнинг ишимиз эмас, ўзлари ҳал қилишсин", - деди РФ президенти журналистларга.

Вьетнамдаги саммит доирасида икки мамлакат президенти Сурия бўйича қўшма баёнотни мувофиқлаштиришди. Кремлга кўра, ҳужжат Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон томонидан президентларнинг Данангдаги учрашуви учун махсус тайёрланган.

"Президентлар Суриядаги можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини қўллаб-қувватлашган. Улар вазият бўйича якуний хулосалар БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига мувофиқ, Женевадаги жараёнлар доирасида маълум бўлиши кераклигини тасдиқлашди", - дея хабар беради Кремль.

Фото: ЕРА

Икки давлат раҳбари шунингдек суверенитет, мустақиллик, бирлик, ҳудудий яхлитлик ва Суриянинг дунёвий характерига содиқликни тасдиқлашди ва Суриядаги барча томонларни Женевадаги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга ва унинг муваффақиятини таъминлашга йўналтирилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақиришди.

Трампнинг журналистларга маълум қилишича, улар "Путин билан жуда тез келишиб олишган (Сурияга доир баёнот бўйича)": "Бир-биримизни у қадар яхши билмасак-да, муносабатларимиз ёмон эмас".

Путин Трамп билан мулоқотдан кейин уни "тарбияли ва бирга ишлаш учун ўзаро мулоқотда қулай инсон" дея таърифлади.

"Биласизми, мен унинг одатларидан бехабарман, биз яхши таниш эмасмиз ҳали. Бироқ Қўшма Штатлар президенти ўзини юксак даражада тўғри, яхши ниятли инсон сифатида тутмоқда ва биз яхши мулоқот олиб бормоқдамиз", - деди Путин.

Трампнинг сўзларига кўра, Вьетнамда у ва Путин ўртасида икки-уч жуда қисқа мулоқот бўлиб ўтган.

Данангдаги телесюжетларда саммит доирасидаги суратга тушиш жараёнларида Путин ва Трампнинг илиқ мулоқотга киришганини кўриш мумкин.

Бошқа бир кадрларда эса Трамп стол атрофида ўтирган Путиннинг ёнига келиб, унинг елкасига дўстона қоқиб қўяди. Президентлар шунингдек жума кунги кечки овқат вақтида ҳам қўл сиқиб кўришишди.

Путиннинг сўзларига кўра, графикларнинг тўғри келмагани сабаб икки президентнинг алоҳида учрашувини ташкиллаштиришнинг имкони бўлмаган.