Туркия бош вазири Бинали Йилдирим АҚШга сафари вақтида Анқаранинг Россиядан С-400 зенит-ракета тизимларини сотиб олиши сабабини тушунтирди. Йилдиримнинг айтишича, ушбу битим ноиложликдан тузилган. 

“Биз С-400 тизимларини афзал кўрганимиз учун эмас, зарурат сабабли харид қилмоқдамиз”, деб айтган Йилдирим ва Анқара дастлаб ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларини НАТО давлатларидан сотиб олмоқчилиги бўлганини, бироқ “бу борада АҚШ томондан қўллаб-қувватлов олмаганини” қўшимча қилди. Йилдиримнинг айтишича, шунга қарамай Туркия НАТО қуролларидан воз кечишни истамайди.  

Йилдиримнинг таъкидлашича, Анқарага замонавий мудофаа тизимлари зарур. “Россия билан ҳамкорлик қилишимиз замонавий ҳаво ҳужумига қарши бошқа мудофаа тизимлари йўқлиги сабабли керакдир”, деб айтган Йилдирим Bloomberg’га берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, сентябрда Москва ва Анқара С-400 мажмуалари етказиб берилишига шартнома имзолаган. “Ростех” давлат корпорациясининг бош директори Сергей Чемезов таъкидлаганидек, ушбу шартнома қиймати 2 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади.