Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига шарҳ эълон қилинди.

Электр ва газ таъминоти соҳасидаги тизимли муаммоларни самарали ҳал этмасдан туриб иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасини кенгайтириш, ишчанлик фаоллиги ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш мумкин эмас.

Шу муносабат билан, кейинги йилларда республикада электр ва газ таъминоти тизимининг инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш, энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилиш самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда назорат ва ҳисобга олишнинг самарали тизими мавжуд эмаслиги сабабли электр ва газ таъминоти корхоналари фаолиятида доимий ошиб борувчи қарздорлик юзага келишига, энергия ресурслари етказиб беришда мунтазам узилишларга ва тармоқ корхоналарининг оғир молиявий аҳволига олиб келган кўплаб жиддий камчиликлар тўпланиб қолган.

Электр ва газ таъминоти корхоналари назоратчиларининг ҳаракатсизлиги ҳамда улар ўртасида суиистеъмолчилик ҳолатларининг кенг тарқалганлиги юзага келган вазиятнинг асосий сабаблари ҳисобланади. Қарздорликнинг йирик миқдори ва уни ундириш учун зарур ходимларнинг мавжудлигига қарамасдан, «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ корхоналари томонидан етарли даражадаги ундирув таъминланмаган.

Электр узатиш линиялари ва газ қувурларини комплекс модернизация қилиш борасида етарли ишлар амалга оширилмаган.

Кўп йиллар давомида энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭНҲАТ) жорий этиш бўйича бир неча бор чоралар кўрилган бўлсада, мазкур йўналишдаги ҳеч бир лойиҳа якунига етказилмаган, бу, ўз навбатида, энергия ресурслари истеъмолининг ҳаққоний ҳисоби ва назоратини ташкил этишга, шунингдек, талон-тарож ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга жуда салбий таъсир қилган.

Масалан, энергия ресурслари абонентлари умумий сонининг атиги 2,6 фоизи ЭНҲАТда ишлайдиган электр энергиясини ҳисоблаш ускуналари билан жиҳозланган, 40 фоизи ташқи таъсирдан ҳимояланмаган эскирган ҳисоблаш ускуналаридан фойдаланади, 48 фоизи ЭНҲАТга мос келмайдиган турли модификациядаги ҳисоблаш ускуналарига эга, шунингдек, 9,4 фоизида энергия ресурсларини ҳисоблаш ускуналари мавжуд эмас.

Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш ҳамда энергия ресурслари истеъмоли соҳасида бошқарув, назорат ва ҳисобот тизимини, шунингдек, тўлов интизомини тубдан яхшилаш мақсадида жорий йилда мазкур соҳани ташкилий-ҳуқуқий такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қатор қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиб, юзага келган вазиятни жадал суръатларда яхшилаш бўйича комплекс чоралар кўрилганлиги, шу жумладан 2,6 миллиондан ортиқ турар ва нотурар объектлар инвентаризация қилинганлиги, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ кўплаб ҳуқуқбузарликлар аниқланганлигини таъкидлаш лозим.

Бюро ҳузурида энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг, ижро иш юритувининг шаффофлиги ва тезкорлигини, шунингдек, тегишли масалалар бўйича идоралараро ҳамкорлик самарадорлигини таъминловчи Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази ташкил қилинди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан ЭНҲАТни янада жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссия тузилди.

Ишчи комиссия томонидан қатор етакчи хорижий компаниялар билан республикада ЭНҲАТни жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилди.

Музокаралар жараёнида эришилган келишувларни амалий рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, дастлабки босқичда 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техника воситалари харид қилинади.

Шунингдек, яқин келажакда республикада хорижий компания иштирокида юқорида кўрсатилган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни маҳаллий ишлаб чиқариш ташкил этилади.

Бир ой муддатда электр узатиш линиялари ва газ қувурларини модернизация қилиш бўйича давлат дастурлари амалга оширилишини, электр ва газ таъминоти инфратузилмасининг амалдаги ҳолатини, шаҳарлар ва вилоятлар марказларининг устуворлигини инобатга олган ҳолда ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни ўрнатиш жадвалини тасдиқлаш режалаштирилди.

Қарорга мувофиқ, лойиҳа доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш ускуналарининг давлат кўриги «Ўзстандарт» агентлиги томонидан ҳар 10 йилда амалга оширилади, ҳисобга олиш ускуналарини давлат кўригига топшириш бўйича ишларни ташкил этиш эса «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ ва Бюро томонидан таъминланади.

Бунда истеъмолчидан давлат кўригидан, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни ўтказиш учун ечиб олинган ҳисобга олиш ускунасининг ўрнига зудлик билан «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ маблағлари ҳисобидан бошқа кўрикдан ўтган ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилади.

Таъкидлаш керакки, фақат охирги 2 йилда реал кўрсаткичларни юқори даражада (20 фоизгача) бузиб акс эттирадиган 24,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги 410 мингдан ортиқ эскирган ҳисоблаш ускуналари мамлакатга олиб кирилган.

Ушбу муаммони ҳал қилиш мақсадида қарор билан бундан буён республика ҳудудига лойиҳанинг техник параметрларига мос келмайдиган ҳисобга олиш ускуналари ва қўшимча воситаларни олиб кириш тақиқланди.

Қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг самарадорлиги энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимини модернизация қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларининг ўз вақтида олдини олишни ва умуман тармоқни жадал ривожлантиришни таъминлайди.