АҚШдаги биринчи юрак ксенотрансплантацияси маркази Балтиморда Мэриленд университети қошида очилади, бу ерда жониворлар органларининг инсонга кўчириб ўтказишга доир тадқиқотлар олиб борилмоқда. Янги лойиҳани ишга туширишга United Therapeutics биотехнология компанияси томонидан 24 миллион доллар ажратилади. Компания сайтида шу ҳақида хабар берилди

Компания Американинг бошқа олий ўқув юртлари билан ҳам ҳамкорлик қилади. Хусусан, буйраклар ксенотрансплантациясини тадқиқ қилаётган Алабама университети ҳамда ўпкани кўчириб ўтишга доир тадқиқотларни олиб бораётган Колумбия университети билан. 

Генетик жиҳатдан ўзгартирилган ҳайвон органларининг трансплантацияси тиббий ҳамжамиятда анчадан буён муҳокама қилиб келинаётганди. Хитойлик олимлар аллақачон донор-чўчқаларни саноат кўламларида етиштиришмоқда ва 2019 йилда илк клиник синовларни ўтказишни режалаштиришмоқда. 

"Ксенотрансплантация юрак кўчирилиш амалиётини кутаётган минглаб беморларга умид беради. Уларнинг аксарияти донорлик органларига етиша олмай, ҳаётдан кўз юммоқда", - дейди Мэриленд университети Тиббий мактабининг юрак ксенотрансплантацияси бўйича директори Муҳаммад Мансур Моҳиуддин.

Моҳиуддин 2016 йилда чўчқа юрагини бабуинга кўчириб ўтказиш бўйича муваффақиятли тажриба ўтказган. Жониворнинг ўз юраги нормал ишлаган, донорлик юраги эса қорин бўшлиғи соҳасига жойланган - олим шу йўл билан бир ҳайвоннинг юраги бошқасида қандай ишлашини текширмоқчи бўлган. Натижада юрак 945 кун нормал ишлаган. Бундай натижага эришишга иммуномодулятор ва иммунодепрессантлар ёрдам берган.

United Therapeutics томонидан асос солинган Балтимордаги марказ чўчқа юрагини инсонга кўчириб ўтишни тадқиқ қилади. Шифокорнинг сўзларига кўра, лойиҳа ксенотрансплантацияни "клиник реалликка айлантириши" керак, шу боис асосий урғу кўчириб ўтказишнинг амалий усулларини ривожлантиришга қаратилади.