12 ноябрда АҚШдаги космодромдан Cygnus кемасига эга Antares ракетаси учирилди. Юк кемаси Халқаро коинот станциясига юк етказиб беради.

Ракета Тошкент вақти билан соат 17:20да Виргиния штатидаги Валлопс оролида жойлашган космодромдан учирилди.

Cygnus ХКСга 3,3 тоннадан кўпроқ юк, жумладан, озиқ-овқат, кийим-кечак ва илмий қурилмаларни етказиб беради.

Юк кемасининг ХКСга туташиши 14 ноябрь эрталабга белгиланган. Юк кемаси 4 декабргача ХКСдаги “Юнити” модулига туташган ҳолда қолади. Сўнгра қурилма орбитадан чиқиндиларни олиб, Ерга қайтиш вақтида атмосферада ёниб кетиш олдидан бир нечта кубсатларни (кичик ҳажмдаги, куб кўринишидаги сунъий йўлдошчалар) орбитага учиради.

НАСА билан шартномага кўра Cygnus кемаси ХКСга 8-маротаба юборилди.

Парвоз дастлаб 11 ноябрда ўтиши керак эди, бироқ у стартга бир дақиқа қолганда бекор қилинган. Бунга эса старт майдончаси ҳудудида самолётнинг пайдо бўлиши сабаб бўлган. Самолёт соҳилдан 10 км узоқликда 150 метр баландликда учиб ўтган.