РФ президенти Владимир Путин 13 ноябрь куни Сочида туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан терроризмга қарши кураш ҳамда Суриядаги вазиятни муҳокама қилади.

Кремль маълумотига кўра, икки сиёсатчи учрашувида ҳудудий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш хусусида гаплашишади.

Суриядаги вазият

Октябрь ойи охирида Путин ва Эрдўған телефон орқали мулоқот қилди. Президентлар икки томонлама ҳамкорликнинг турли жиҳатларини, жумладан, йирик энергетик қўшма лойиҳаларни ишга тушириш имкониятларини муҳокама қилишган. Уларнинг суҳбатидан Сурия мавзуси ҳам ўрин олганди. Сентябрь ойи охирида Путин Анқарага келганди, Эрдўғаннинг Россияга охирги ташрифи эса 2017 йилнинг 3 майида рўй берган.

Россия, Туркия ва Эрон Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши учун кафил мамлакатлар ҳисобланади. Астанада ўтказилган музокараларда бу борада келишувга эришилганди. Қозоғистон январь ойидан буён Суриянинг келажаги бўйича музокараларга мезбонлик қилиб келмоқда.

14-16 сентябрь кунлари ўтказилган Остона музокараларининг олтинчи раунди якунларига кўра Сурияда 4та ҳарбий ҳаракатлардан холи ҳудуд ташкил этишга келишилган. Еттинчи раунд 31 октябрь куни якунланди, унда Сочида Сурия миллий мулоқоти конгрессини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Россия раҳбари бундан аввалроқ 18 ноябрь куни Сочида шундай конгресс чақириш ташаббуси билан чиққанди, унга 33 ташкилот таклиф этилган. 

Сурия мухолифати эса бундай конгресс декабрь ойи бошида ўтказилиши кутилаётганини маълум қилди. Путин ва Эрдўған ўртасидаги учрашувда ушбу конгрессга тайёргарлик масалалари бўйича ҳам суҳбат бўлиб ўтиши мумкин.

Сурияда қуролли низолар 2011 йил мартидан буён давом этиб келмоқда. БМТ маълумотига кўра, ўтган вақт ичида 220 мингдан ортиқ киши фуқаролик уруши қурбонига айланди. Бу зиддиятни ҳал этиш учун жаҳон давлатлари Астана ва Женевада мулоқотлар ўтказиб келишмоқда.

Путин бундан аввалроқ Сурия бўйича келишув – Россия ва Туркиянинг умумий ютуғи эканини эътироф этганди. Эрдўған ҳам Россия билан Сурияда тинчлик ўрнатиш йўлларини қидириш учун ҳамкорлик давом эттирилишини айтиб ўтган. Москва ва Анқара Сурия масаласида Астана келишувларига амал қилинишини билдирган.

С-400

Ёздаёқ Эрдўған Россия томонидан С-400 зенит-ракета мажмуаларини етказиб бериш бўйича ҳужжатлар имзоланганини маълум қилганди. Сентябрда Туркия Россияга қисман тўловни амалга оширди. РФ президентининг ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича ёрдамчиси Владимир Кожин Россия ва Туркия ўртасида С-400 етказиб бериш бўйича шартнома тузилганини тасдиқлади. Кейинроқ Туркия мудофаа саноати котибияти бошлиғи ўринбосари Исмоил Демир С-400 Туркияга икки йил мобайнида етказиб борилишини билдирди.

«Ростех» давлат корпорациясининг бош директори Сергей Чемезов таъкидлаганидек, ушбу шартнома қиймати 2 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилади. 

С-400 «Триумф» — узоқ масофани қамровчи замонавий зенит-ракета тизимларидир. У авиация, қанотли ва баллистик ракеталарни йўқ қилишга мўлжалланган, шунингдек, қуруқликдаги объектларни ҳам нишонга олиши мумкин. С-400 400 километр масофадаги ва 30 километр баландликдаги объектларга зарба бера олади. С-400 «Триумф» Россия армиясида 2007 йилда пайдо бўлган.

Октябрь ойи ўрталарида Эрдўған С-400 хариди бўйича муаммолар йўқлиги ва томонлар бу борадаги ҳамкорликнинг иккинчи босқичига ўтиши мумкинлигини айтиб ўтди. Туркия раҳбари РФ билан ҳамкорлик давом этиб, С-500 тизимлари ҳам сотиб олиниши мумкинлигини билдирди.

Иқтисодиёт ва энергетика

Ушаков қайд этиб ўтганидек, Москва ва Анқаранинг икки томонлама муносабатлари ҳозирда жадаллик билан ривожланмоқда ва инқироздан аввалги ҳолатга қайтган. Жумладан, амалда савдо-иқтисодий алоқалардаги барча чекловлар ечилган ҳамда муваффақият билан ривож топмоқда.

Туркия Россия билан «Турк оқими» газ қувури ва «Аккую» АЭСи қурилиши лойиҳаларини тиклаш бўйича ижобий қарор қабул қилган. Эрдўған бу ҳақда сентябрь ойи охирида Путин билан музокаралар якунида ҳам маълум қилганди.

«Аккую» АЭС - Туркиядаги биринчи атом электр станцияси бўлади. Бу лойиҳа россияликларнинг 4та АЭС энергоблокидан иборат бўлади, энергоблокларнинг ҳар бири қуввати - 1200 МВт. Россияликларнинг бу лойиҳага киритадиган инвестициялари ҳажми 22 миллиард долларни ташкил қилади. Туркия томони бу бу лойиҳа бўйича биринчи реактор 2023 йилгача ишга туширилишини режалаштирган.

Эрдўған октябрь ойи бошида Туркия «Турк оқими» газ қувури Сербияга қадар узайтирилишини кутаётгани ҳақида айтганди. Ўшанда у ташриф билан Белградга борганди. «Газпром» 7 май куни «Турк оқими»нинг денгиз қисмида қурилиш ишларини бошлаганди.

Ушбу келишув Қора денгиз остидан магистрал газ қувурининг иккита қувурини қуришни кўзда тутади. Уларнинг ҳар бирининг қуввати 15 млрд куб метр газдан ошади.

Биринчи қувур орқали газ фақатгина туркиялик истеъмолчиларга етказилади (2018 йил мартигача), иккинчи қувур эса Европа бозорига мўлжалланган. Бироқ иккинчи қувурнинг қурилиши Европа Иттифоқининг тегишли кафолатлари олингандан кейингина амалга оширилади (2019 йил декабригача).

Россия ва Туркия муносабатлари бир муддат совуқлашиши 2015 йил ноябрида Туркия ҲҲК самолёти томонидан Россиянинг Су-24 самолёти Сурия ҳудудида уриб туширилиши ортидан рўй берганди. Россия 2016 йилнинг 1 январидан Туркия маҳсулотларига эмбарго қўйди. РФга турк томатлари, турли полиз маҳсулотлари олиб кирилиши тўхтади. 2016 йил кузига келиб муносабатлар илиқлаша бошлади. 2017 йил июнига келиб эса Россия фақат помидорлар импортини сақлаб қолганди. 1 ноябрь куни эса бу чеклов ҳам ечилди.

Ҳудудий масалалар

Анқарада президентлар Ироқ Курдистонининг мустақиллик референдуми масаласини муҳокама қилишганди. Россиянинг бу борадаги позицияси ўзгармас: Москва Ироқ ва Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. Ироқ Курдистонида мустақиллик референдуми сентябрь ойида ўтказилганди. Референдум натижаларига кўра, унда иштирок этган сайловчиларнинг 92,7 фоизи мустақилликни ёқлаган. Ироқ ҳукумати референдумни қонундан ташқари деб эълон қилган ва референдум натижаларига кўра музокаралар ўтказилмаслигини билдирган. Бу ташаббусга Ироқ Курдистонига қўшни бўлмиш Туркия ва Эрон ҳам қарши чиқди, референдум АҚШ ҳамда БМТ томонидан қораланди. Бундан аввалроқ Россия ТИВ Москва томони Арбиле ва Бағдодни масалани тинч йўл билан ечишга чақирганди. Эрдўған ҳам курдларнинг референдумини катта хато деб баҳолаган.