Amnesty International (AI) халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Сурия президенти Башар Асадни инсониятга қарши жиноятларда айблади. Бу ҳақда Amnesty душанба куни маълум қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, бундай жиноятлар орасида Асад қўшинлари томонидан аҳоли пунктларини қамал қилиш ва у ерда истиқомат қилувчи одамларни мажбурий кўчириш ҳам киради. Сурия ҳукумат армияси қамалда бўлган ҳудудларга бомбалар ёғдирган ҳамда инсонпарварлик ёрдами етказиб берилишига тўсиқ қўйган, натижада тинч аҳоли озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари етишмовчилигидан чуқур азият чеккан, дея таъкидлаб ўтишди AI’дан.

"Сурия ҳукумати аҳоли учун коллектив жазо сифатида очарчиликни атайин қўлламоқда", - дея маълум қилди AI’нинг Германия бўлинмаси вакили Рене Вильдангель.

Amnesty Асад режими ва Сурия мухолифати ўртасидаги “сулҳ келишуви”ни ҳам танқид қилди. Келишув Ҳалабнинг шарқий қисмини ҳам қамраб олган. Унда қамалда бўлган туманлар аҳолиси учун танлов имконияти назарда тутилган – жанговар ҳаракатлар ҳудудида қолиш ёки бундай жойлардан чиқиб кетиш.

Натижада шаҳардан эвакуация қилинган минглаб оилалар ачинарли аҳволдаги лагерларда жуда ёмон шароитларда қолишган, деб хабар беришди ҳуқуқ ҳимоячилари. AI’дагиларнинг тахминича, ушбу келишувни инсонларни мажбурий кўчиришга ҳам ўхшатиш мумкин.

Amnesty БМТдан кўрсатилган ҳолатларни жиддий текширувдан ўтказиш ҳамда айбдорларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилди.