13 ноябрь куни Kun.uz  Ўзбекистонда бензин нархи эҳтимолий равишда ўзгариши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Унга кўра, истеъмолдаги бензин нархи айни пайтдаги баҳодан (13 ноябрь ҳолатига кўра - АИ-80 2800 сўм) 30-35 фоизга қимматлашиб кетиши кутилмоқда.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган «Ўзбекнефтмаҳсулот» вакилининг айтишича, «Вазирлар Маҳкамаси томонидан соҳага оид ҳеч қандай қарор етиб келмаган». Аммо, вакил «бензин нархи келгусида ўзгаришини» инкор этмади.

«Бир нима деёлмайман, чунки Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарор етиб келмаган. Бундай қарор чиқарилгани ҳақида хабаримиз йўқ. Шунинг учун ушбу янгиликни тасдиқлай олмаймиз. Ҳозирча доимгидай сотув нархлари амал қилмоқда», дейди у.

Ўзбекистон бўйлаб бензин нархи охирги марта 2016 йил октябрь ойида ўзгарганди. Бундан 13 ой илгари, шу кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида  «​бензин танқислиги ва нарх ошиши»​ ҳақида миш-мишлар тарқаган. 

2016 йил 16 октябрь куни «Ўзбекнефтмаҳсулот» АК Матбуот хизмати эса «вазиятни барқарорлаштириш учун нефтни қайта ишлаш заводларида автобензин ишлаб чиқариш миқдорини мумкин қадар кўпайтириши»ни айтган. Орадан бир ҳафта ўтиб, бензин нархи 2800 сўм этиб белгилангани ҳақида расмий хабар тарқатилганди.

«Вазиятни барқарорлаштириш»га оид​ чора-тадбирлар орасида «четдан қўшимча миқдорда углеводород хом ашёсини келтириш ва истеъмолчиларни автобензин билан тегишли миқдорда таъминлаш» юзасидан амалий ишлар олиб борилаётгани ҳақида айтилган. Аммо Республика бўйлаб ўрнатилган ягона бензин баҳоси ўтган 13 ой ичида пойтахтдан ташқари вилоятларда учраб турган муаммолардан тўла халос бўлишга ёрдам бермади.

Эндиликда эркин конвертация амалиётининг жорий этилиши «четдан қўшимча миқдорда углеводород хом ашёсини келтириш» харажатларини янада ошиб кетишига сабаб бўлиши ҳисобга олинса, «Ўзбекнефтгаз» ҳамда «Ўзбекнефтмаҳсулоти» вакилларидан мазкур ўзгариш юзасидан жўяли ва асослантирилган муносабатни кутиб қолишимиз мумкин. Ҳозирча расмийлар хабарни на инкор этди, на тасдиқлади.