Фарғонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Диний маърифат азалдан жамиятда маънавий-ахлоқий тарбиянинг муҳим қисми бўлиб келган. Бугунги глобаллашув даврида аҳоли, айниқса, ёшларни турли бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавиятни юксалтириш, айни пайтда жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, халқни маърифатга бошлаган буюк алломалар меросини ўрганиш, тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Давлат раҳбари жорий йил 15 июнь куни пойтахтда “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида ўтказилган анжуманда сўзлаган маърузасида бу масалага устувор аҳамият қаратди. Ислом маданиятига, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослаштирилган Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этиш ҳақидаги ташаббусини барча катта мамнуният билан кутиб олди. 

– Таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан бўлиб, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди, – дейди Ислом ҳуқуқи мактаби раҳбари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили Т.Эрбўтаев. – Буюк боболаримизнинг бой меросини ўрганиш ва уни кенг тарғиб этиш биз, диний уламолар, имом-хатиблар зиммасига улкан масъулият юклайди. Янги иш бошлаган мазкур Ислом ҳуқуқи мактабида вилоятимиздаги имом-хатиблар, ноибларга Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларимизнинг асарлари чуқур ўргатилади. Мактабда тингловчилар учун барча шароит яратилган.