Британиялик пойгачи Луис Ҳэмилтон ва “Mercedes” жамоаси Бразилия Гран-присига чемпион мақомида келган бўлсалар-да, баъзи масалалар очиқ қолаётган эди. Жумладан, “Феррари” аъзоси Себастьян Феттель ва “Mercedes” аъзоси Валттери Боттас шахсий ҳисобда 2-ўрин учун баҳсни давом эттираётгандилар. Феттель Сан-Паулудаги пойгага Боттасга нисбатан 15 очколик устунлик билан келганди ва 2-ўринни муддатдан аввал қўлга киритиши мумкин эди. Ва шундай бўлди ҳам.

Феттель 1 соат 31 дақиқа ва 26 сония вақт билан Бразилия Гран-приси ғолиби бўлди.

Маррага иккинчи бўлиб Боттас етиб келди. 3-ўрин эса “Феррари”нинг яна бир аъзоси Кими Райкконенга насиб қилди. Мавсум чемпиони Ҳэмилтон эса 4-ўрин билан кифояланиб қолди.

Умумий ҳисобда етакчи учлик қуйидагича кўриниш олди: 1. Ҳэмилтон (345 очко); 2. Феттель (302); 3. Боттас (280). Шу тариқа бу мавсумдаги етакчи учликнинг тақдири деярли ҳал бўлди.

Умуман олганда пойга қуйидагича якунланди.

Фото: Twitter/F1

Пойганинг жорий мавсумдаги сўнгги босқичи Абу-Дабида 24-26 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.