12 ноябрь куни кечқурун Эрон ва Ироқ чегараси яқинида кучли зилзила содир бўлди. Бу икки давлат чегараси ҳудудида тектоник плиталар жойлашган бўлиб, зилзила бўлиши муқаррар эди. Америка сейсмологлари маълумотларига кўра, зилзила кучи 7,3 баллни ташкил этган.

Зилзила маркази Ироқ пойтахти Бағдоддан 204 км шимоли-шарқда, Эроннинг Кирмоншоҳ шаҳридан 104 км ғарбда жойлашган. Зилзила ўчоғи 10 км чуқурликда жойлашган.

Охирги расмий хабарларга кўра, табиий офат қурбонлари сони 328 нафарга етди, шундан етти нафари Ироқ, қолганлари Эрон фуқароларидир. Шунингдек, 2,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. 70 минг нафардан ортиқ киши бошпанасиз қолди.

Асосий талофатлар Эрон ғарбидаги Кирмоншоҳ вилоятидаги Сарпули Заҳоб туманида кузатилди. Харобалар ортида яна одамлар қолмоқда ва қурбонлар сони ортиб бориши кутилмоқда.

Эрон ва Ироқ пойтахтлари Теҳрон ва Бағдод зилзила марказидан мос равишда 800 ва 200 км масофада жойлашган бўлишига қарамасдан, икки шаҳарда ҳам зилзила кучини сезишган.

Ер силкиниши, шунингдек, Эроннинг Курдистон, Илом, Хузистон, Ҳамадон, Ғарбий Озарбойжон, Шарқий Озарбойжон, Луристон, Қазвин, Занжон ва Қум вилоятларида ҳам рўй берган. Бундан ташқари, Туркия, Кувайт, Арманистон, Иордания, Ливан, Саудия Арабистони, Қатар ва Баҳрайн каби мамлакатларнинг айрим ҳудудларида ҳам сезилган.

Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: Reuters

Эрон Ички ишлар вазири Абдулризо Раҳмоний Фазлий бир қанча йўллар ёпилиб қолгани ва қутқарувчилар бир неча қишлоққа етиб бора олмаётгани ҳақида маълум қилди.

Мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ва талофат оқибатларига қарши курашиш учун кўрсатмалар берди.

Фото: Reuters

Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: Reuters

Фото: Reuters

Бу ҳудуд Яқин Шарқда энг кўп ер силкинишлари рўй берадиган ҳудуддир. Бу нуқтадан 250 км радиусда аввалги юз йилликда 4 марта кучли зилзила содир бўлган. Охиргиси 6,1 балли - 1967 йилнинг ноябрида, юз километр жанубда. 50-йиллар охирида ҳамда 60-йиллар бошида ҳам 6 ва 6,7 магнитудали зилзилалар содир бўлганди.

2013 йил ноябрида бу нуқтадан 60 км жанубда 5,6 ва 5,8 балли зилзилалар кузатилди.

Эронда 1990 йилнинг июнида 7,4 балли зилзила содир бўлган ва 50 минг кишини ҳаётдан олиб кетган, минглаб кишилар жароҳатланган, 600 минг киши бошпанасиз қолган.