Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги (ТИКА) Ўзбекистонда турли соҳаларда лойиҳа ва дастурларни амалга ошириб келмоқда. 

Ана шундай лойиҳалардан бири Туркия Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда, жорий йилнинг 13 ноябрь куни Халқаро Полиция ўқув дастури доирасида “Вояга етмаганлар билан ишлаш профилактика инспекторлари” мавзусидаги навбатдаги ўқув семинари пойтахтдаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасининг анжуманлар залида ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида 2011 йилдан буён амалга ошириб келинаётган ушбу Халқаро Полиция ўқув дастури доирасида 37га яқин ўқув-амалиёт ва малака ошириш машғулотлари ташкил этилиб, мазкур машғулотлар давомида 1000га яқин ўзбекистонлик ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари иштироки таъминланди. Туркия ва Ўзбекистонда муваффақият билан амалга ошириб келинаётган ушбу ўқув курслари жараёнида иштирокчилар ўз билимларини кенгайтириш ва соҳага оид янгиликлар билан танишиш имкониятига эга бўлишмоқда.

2017 йилда 10 йўналиш бўйича ўқув-амалиёт курсларини ўтказиш режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар улардан 5таси муваффақиятли амалга оширилди. 2таси Туркия ва 3таси Ўзбекистонда ташкил этилган, жами 5 ўқув-амалиёт машғулотларига 150га яқин ички ишлар ва бошқа хуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қатнашиб, ўқув дастурлари жараёнида соҳага алоқадор тажриба алмашиниш имкониятига эга бўлишди.

Жорий йилнинг 17 ноябрига қадар давом этиши режалаштирилган ушбу ўқув семинар доирасида Туркия Ички ишлар вазирлигининг 3 нафар полиция ходими Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 25 нафар ходими билан ушбу дастурда иштирок этмоқда.