Хитойнинг CCTV телеканали ўз репортажида гипертовушли тезлик билан учувчи DF-ZF учувчисиз, зарба берувчи парвоз қурилмаси DF-ZF’нинг аэродинамик қувурдаги синовини намойиш қилди. 

Хитойда яратилган ушбу тажрибавий қурилма соатига 12 минг км тезлик билан уча олади ва ядровий жанговар каллакларга эга ракеталар билан жиҳозланади. Дрон-самолёт 7 йиллик синов парвозларидан ўтказилди ва улар муваффақиятли деб топилган. Қурилманинг асосий хусусияти шундаки, уни гипертовушли тезликда учиши эвазига ердаги ва денгиздаги станциялар ҳамда сунъий йўлдошдан олинадиган маълумотлардан фойдаланувчи ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари билан ушлаб бўлмайди. 

Ракетанинг жанговар каллаги коинотда ва атмосферанинг юқори қатламларида катта тезлик, бироқ олдиндан айтиш мумкин бўлган траектория билан ҳаракатланади. Ушбу қурилма томондан аэродинамик кучларнинг қўлланиши уни ҳаракатчанроқ қилади ва шу сабабли уни анъанавий ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари ёрдамида уриб туширишнинг имкони жуда камдир. Қурилма учирилгандан кейин атмосферага баллистик траектория бўйича киради ва аэродинамик кўтариш кучи ҳисобига ҳаракат йўналишини горизонтал йўналишга яқин ўзгартиради.

Катта баландликда ер сиртига деярли параллел равишда жуда катта тезликда ҳаракатланиш ҳужум қилиш вақтини анча камайтиради, атмосферага кириш вақтида кинетик энергиянинг катта захирасини қўллаш эса парвоз узоқлигини анча катталаштириши мумкин. DF-ZF қурилмаси дунёдаги энг катта ва учиш қурилмаларини 11 минг км/соат тезликда синашга қодир бўлган гипертовушли аэродинамик қувур JF-12’да синалган.