Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри губернатори кубогида муваффақиятли иштирок этиб, мусобақанинг ҳам олтин ва бош совринини қўлга киритган Исроил Мадримов профессионал боксга ўтишини инкор этмади. 

“Ҳар бир мусобақада (профессионал бокс бўйича – KUN.UZ) менежерлар бўлади. Улар профессионал боксга муносиб боксчиларни излаб, кузатиб юришади. Менга ҳам таклифлар бўлаяпти. Аммо ҳозирда мен келгуси Олимпиадани мақсад қилганман. Шундан кейин профессионал боксга ўтиш ниятим бор”, - деди Исроил Мадримов. 

Боксчи 2017 йилги натижаларига ҳам бир назар ташлаб, Осиё чемпиони ва қатор халқаро турнирлар ғолиби бўлганини қайд этар экан, Германиянинг Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида мағлуб бўлганидан тушкунликка тушмаслигини, уни яхшиликка деб ҳисоблаб, келгусида шу каби мусобақаларга янада жиддий тайёргарлик кўришини таъкидлади. 

У, шунингдек, шу йилнинг декабрь ойида Россиянинг Ханти-Мансийск шаҳрида Жаҳон кубогида иштирок этиб, 2017 йилни якунлашини ҳам билдирди.