Ўзбекистон бокс федерациясида Вьетнам республикаси ва Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича халқаро турнирлар якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда бокс бўйича эркаклар терма жамоаси мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов Санкт-Петербург губернатори кубогида Ўзбекистондан 3 нафар боксчи қатнашганига ойдинлик киритди.

“Биз 10 нафар боксчи билан иштирок этишимиз керак эди. Аммо 23-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикасининг катталар ўртасида биринчилиги бўлиб ўтади. Унда энг кучлиларни саралаб олишимиз керак. Бизга 10 спортчи билан ташриф буюриш таклифи бўлганди. Лекин мураббийлар штаби уч боксчини олиб боришга қарор қилдик. Санжар Турсунов ва Исроил Мадримов Ўзбекистон биринчилигида қатнашмайди, Петербург кубогида яна бир олтин медални қўлга киритган Шунқор Абдурасулов 60 кг вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионатида ҳам қатнашади”, - деди терма жамоа мураббийи.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек чарм қўлқоп усталари жуда яхши натижа кўрсатишган. Халқаро турнирда 2 та олтин ва битта кумуш медаль қўлга киритилган. 

“Бундан ташқари, 75 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Исроил Мадримов мусобақанинг энг яхши спортчиси номига сазовор бўлиб, Санкт-Петербург губернатори кубогини ҳам Ўзбекистонга олиб келди”, - деди Рўзиохунов.