Европада ЖЧ-2018 йўлланмаси учун плей-офф учрашувлари давом этмоқда. Бугун бўлиб ўтадиган яна бир учрашув билан жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган навбатдаги терма жамоа номи аниқ бўлади. Ҳозирча бутун плей-оффларнинг энг марказий учрашуви дея баҳоланаётган учрашувда Италия терма жамоаси швецияликлар билан ягона йўлланма учун кураш олиб боради.

ЖЧ-2018 саралаш босқичи, Европа
Плей-офф босқичи

Италия – Швеция

Учрашув бўлиб ўтадиган стадион: «Сан-Сиро» (Жузеппе Меацца)
Бошланиш вақти: 14 ноябрга ўтар кечаси соат 00:45 (Тошкент вақти билан)
Бош ҳакам: Антонио Матео Лаос (Испания)

Бугун бутун дунё футбол мухлисларининг эътибори айнан мана шу учрашувга қаратилиши шубҳасиз. ЖЧ-2018 саралаш босқичи доирасидаги навбатдаги йўлланма Миланда ўйналади ва унда Италия терма жамоаси Швецияни қабул қилади. Учрашувга бўлган қизиқишнинг ошишига яна бир сабаб сифатида дастлабки учрашувда қайд этилган ҳисобни келтириб ўтишимиз мумкин.

Стокҳолмда кечган биринчи учрашувда шведлар кичик ҳисобда ғалаба қозонишди ва жавоб учрашуви олдидан устунликка эга бўлиб олишди. Ўз уйида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолгани учун ҳам скандинавияликларнинг имконияти анча ошди. Агар улар бугун Миланда гол киритишни уддалай олишса, Италия йўлланмани қўлга киритиши учун камида 3та гол билан жавоб қайтариши лозим бўлади. «Скуадра Адзурра» вакиллари бунга тайёрми?

Энг қизиқ томони, Италия терма жамоаси 1958 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг мунтазам равишда тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этиб келмоқда. Агар бу учрашувда вазифа уддалай олинмаса, 60 йиллик мунтазамликка кўчган анъана барҳам топиши мумкин. Яна бир қизиқ томони, Италия тўрт карра жаҳон чемпиони бўлиб туриб ҳам ЖЧда иштирок эта олмаган илк терма жамоага айланиши мумкин. Буни эса тасаввур қилиш жуда қийин албатта.

Учрашув олди қизиқарли фактлар:

Икки жамоа ўзаро шу кунга қадар 25 учрашув ўтказган бўлиб, Италия терма жамоаси 12 марта зафар қучган, 7 учрашувда эса Швеция терма жамоасининг қўли баланд келган, 6 учрашувда дуранг қайд этилган.

Италияликлар ўз уйида Швеция терма жамоасига қарши 1983 йилдан буён мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Бундан 34 йил муқаддам Неаполда қўлга киритилган ғалаба (3:0) Швеция учун меҳмонда қўлга киритилган ягона ғалаба бўлиб қолмоқда.

Италия терма жамоаси сўнгги бешта учрашувдан буён биттадан ортиқ гол кирита олмаяпти: Исроил ва Албания 1:0 ҳисобида мағлуб этилган бўлса, Македония билан 1:1 дуранг қайд этилди. Испания ва Швеция терма жамоалари дарвозаси эса ишғол этилмади.

ЖЧ-2006да тўртинчи марта ЖЧда зафар қучган Италия терма жамоаси шундан сўнг кетма-кет икки мундиалда ҳам гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаган.

ЖЧда Италия терма жамоаси ўтказган сўнгги 6 учрашувнинг фақат биттасида ғалаба (Англияни 2014 йилда мағлуб этган) қозона олган холос.

Швеция эса сўнгги икки жаҳон чемпионатида ҳам иштирок эта олмаган.

Тахминий таркиблар
Италия терма жамоасида сариқ карточкалари кўпайиб кетгани учун Марко Верратти учрашувда майдонга туша олмайди. Қолган чизиқларда эса муаммо йўқлигини кўришимиз мумкин:

Италия: Буффон, Бардзальи, Бонуччи, Кьеллини, Дармиан, Кандрева, Пароло,  Де Росси, Вератти, Иммобиле, Белотти.
Швеция: Ольсен, Крафт, Линделёф, Гранквист, Августинсон, Форсберг, Экдаль, Йоҳанссон, Ларссон, Берг, Тойвонен.

Нима кутиш мумкин?

Ҳозирги Италия терма жамоасининг энг кучли футболчилари бу – рақиб ҳужумини бузувчилар, тўхтатувчилар ва дарвозабон. Ҳужумда юқори спорт  формасига кириб олган «Лацио» ҳужумчиси Иммобиле, ёш иқтидорли Андреа Белотти ва қанот вингерлари Лоренцо Инсинье, Федерико Бернардески ва Стефан аш-Шааравий бўлишига қарамасдан жамоа юқори самарадорлик кўрсата олмаяпти. Терма жамоа саралаш босқичида 21та гол киритган бўлсада, уларнинг 9таси Лихтенштейн терма жамоаси дарвозасига киритилган. Юқорида эслангани каби, жамоа сўнгги бешта расмий учрашувда атиги учта гол киритишнинг уддасидан чиқди.

Швецияга қарши учрашувда эса жамоа анчадан буён эплай олмаётган ишини бажаришига тўғри келади. Чунки, бу сафар битта гол Италияни фақат қўшимча дақиқалар, ёки пенальтилар сериясига етаклаб бориши мумкин - Швеция гол урмаса.

Ибраҳимович терма жамоадан кетгач, Швеция терма жамоаси бироз кучсизланган бўлиши мумкин. Айниқса, меҳмондаги учрашувларда жамоа унчалик ишончли кўринмаяпти. Жорий циклда улар меҳмонда фақатгина аутсайдерлар — Люксембург ва Беларусдан устун келишган. Фақатгина мана шу факт Италия терма жамоаси мухлисларини бироз хотиржам қилиши мумкин. Агар улар Италияни йўлда қолдириб кета олишса, тарихий натижалардан бири қайд этилиши мумкин.

Қизиқ маълумот

Италия терма жамоаси сўнгги марта катта мусобақаларни ўтказиб юбориши 1992 йилга тўғри келади. Ўшанда «Скуадра Адзурра» Швеция майдонларида бўлиб ўтган Европа чемпионатига йўлланма ола билмаган. Бу сафар энди Швеция терма жамоасининг ўзи Италияни 60 йиллик танаффусдан сўнг мундиалдан маҳрум қилиши мумкин.

Азамат Муродов тайёрлади