13 ноябрь куни Қозоғистоннинг «Эйр Астана» компаниясига тегишли рейс йўловчиларидан бири парвоз вақтида вафот этди. Бу ҳақда РИА Новости авиакомпаниядаги манбасига асосланган ҳолда хабар берган.

Авиаташувчининг маълумотига кўра, Чимкентдан Остонага учган самолёт йўловчилардан бири ўзини нохуш ҳис қила бошлаганидан кейин ортга қайтган.

«Авиакомпания ходимлари белгиланган тартибда ҳаракат қилишган, бортдаги йўловчилардан бирининг юраги хуруж қилганди. Ерда шифокорлар унинг ўлимини қайд этишди», — дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ 30 октябрь куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Москва-Тошкент рейси ҳам йўловчилардан бири ўзини ёмон ҳис қила бошлагач, Урганч шаҳрига мажбуран қўндирилганди. Кейинроқ йўловчилардан бири бортда вафот этгани маълум бўлди.

Аммо ушбу ҳодиса юзасидан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳеч қандай маълумот бермади.