Россиянинг Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказининг Самара вилояти бўйича бўлимида қолаётган ўзбекистонлик мигрантлар РФ Федерал хавфсизлик хизматининг рухсатисиз ортга қайтиб кета олмаётганликларини хабар беришди. Уларнинг сўзларига кўра, рус махсус хизматлари текширувидан ўтган мигрантлар уйга ўз ҳисобларидан жўнаб кетишмоқда. Бу ҳақда Nuz.uz хабар берди.

Самара вилоятидаги Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларидан бирида икки ойдан бери қолаётган 22 ёшли Дурбек рус махсус хизматлари унга Ўзбекистонга жўнаб кетишга рухсат бермаётганини айтган.

"10 октябрь куни мени дўстим билан ФХХ ходимлари ушлашди, бўлинмага олиб кетишди. Сўнг бизни Россия миграция қонунчилигини бузганлик учун суд қилишди. Биздан қандайдир ҳужжатларга имзо қўйишни сўрашди, кейин ўн кун давомида мамлакатни тарк этишимиз лозим эди. Барча қоғозларга имзо чекдик, қўлимизга кишанлар тақишди ва Тольятти шаҳрига олиб кетишди. Бир ой аввал бизга сотиб олинган чипталарни бекор қилишди ҳамда ФХХ Россияни тарк этишга рухсат бермаётганини айтишди. Улар бизнинг айбимиз нимада эканини ҳам тушунтиришаётгани йўқ", - деган Дурбек.

Дурбекнинг айтишича, бир неча кун аввал марказдан Ўзбекистоннинг ўттиз беш фуқароси чиқариб юборилган, кейинчалик уларни Россия-Қозоғистон чегарасига юборишган. Бироқ унга ватанига қайтиб кетишга рухсат беришмади.

Яқинда Россияда инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татьяна Москалькова ҳукуматга Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказлари учун пул ажратиш бўйича мурожаат қилди. Россиялик омбудсменнинг сўзларига кўра, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг етишмовчилиги туфайли, хорижликларни ватанига депортация қилиш жараёни узоққа чўзилмоқда.