Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) ташкилотнинг 16 ноябрдаги таъсисчилари кенгаши йиғилишида Россия аксилдопинг агентлиги (РУСАДА)нинг ҳуқуқларини тикламайди. Бу ҳақда ARD телеканалидаги Sportschau дастурида журналист Хайо Зеппельт маълум қилди. 

Зеппельтнинг маълумотларига кўра, бу қарор Россия терма жамоасининг Жанубий Кореянинг Пхёнчханидаги 2018 йилги қишки Олимпиадада иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этиши мумкин. 

“WADA Россия унга қўйилган талабларни бажармагани – давлатнинг аксилдопинг дастурига аралашганини тан олмагани ва синовлар намуналари берилишини таъминламагани учун РУСАДА’ни ташкилот кодексига номувофиқ деб тан олмоқда”, деб айтган журналист.

РУСАДА ҳуқуқларининг тикланиши 16 ноябрда Сеулда ўтадиган йиғилишда  кўриб чиқилиши мумкин.

12 ноябрда WADA бош директори Оливье Ниггли Россия томондан Ричард Макларен бошчилигидаги мустақил комиссия ҳисоботидаги хулосаларнинг тан олинмаслиги россиялик спортчиларнинг Олимпиадага боришларига халақит бериши мумкинлигини айтган. 

11 ноябрда WADA россиялик спортчиларнинг допинг-синовлари бўйича маълумотлар базасини қўлга киритди. Бу маълумотлар Россияга янги санкциялар киритилишига олиб келиши мумкин. Хорижий ОАВ маълумотларига кўра, Россия ҳукумати WADA’га бу маълумотларни тақдим қилишни истамаган, бироқ улар агентликка информатор томондан берилган.