Суриядаги жанглар давом этаётган нуқталардан қутқарилган 41 киши – 12 аёл ва 29 бола 13 ноябрда кечки рейс билан Чеченистон пойтахти Грознийга етказилди. Бу ҳақда “РИА Новости” ахборот агентлиги хабар берди.  

Чеченистонга етказилганлар орасида Ўзбекистоннинг 2 нафар, Қозоғистоннинг 5 нафар фуқароси бор, қолганлар Россиянинг Чеченистон, Ингушетия, Доғистон ва Бошқирдистонидан. Улар Суриядаги жангариларнинг аёллари ва болаларидир.

Грознийга олиб келинганларнинг яқинлари уларнинг олдиларига қўйилмаяпти. Чеченистон раҳбари ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Хеда Саратованинг айтишича, яқиндагина асирликдан озод қилинганлар орасида силга чалинганлар ҳам бор. Гуруҳга Чеченистон раҳбарининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларидаги вакили Зиёд Сабсабий ҳамроҳлик қилган.

Чеченистонга етказилган аёл ва болалар тиббий текширувдан ўтганларидан кейин яқинлари билан учрашиши мумкин.

Сабсабийнинг айтишича, Чеченистонга келтирилганлар Суриянинг турли шаҳарларидан жамланган. “Кимдир Раққада, кимдир Маядинда бўлган. Бу одамлар ИШИД назоратидаги ҳудудлардан ўзлари чиқиб келишган. Улар орасида 2 ойлик болалардан тортиб 14 ёшгача бўлган болалар ҳам бор”, деб айтди Сабсабий.

Унинг айтишича, Суриядаги қайноқ нуқталардан одамларни олиб чиқиш борган сари мураккаблашмоқда. “Сурия шимоли-шарқида озод қилинган шаҳарлар ҳали тўлиқ ҳукумат қўшинлари ёки курд лашкарлари томонидан назорат қилинмаяпти. Ҳанузгача кўплаб террорчи отрядлар қолмоқда, улар якка ҳолда ҳаракат қилиб, нафақат россияликларни қутқариш бўйича ишимизга халал бермоқда, балки аёллар ва болаларга улар назоратидаги ҳудудлардан чиқишни тақиқлаяпти”, деб қўшимча қилди Сабсабий.

Бу Суриядан олиб келинган иккинчи гуруҳ бўлди. 21 октярбда Суриянинг Хмеймим вилоятидан Грознийга 22 киши: 7 аёл ва 14 бола олиб келинганди. Чеченистон ҳукумати сайтида таъкидланишича, жорий йилнинг августидан шундай йўл билан Яқин Шарқдаги қайноқ нуқталардан 90 нафарга яқин аёл ва болалар уйларига қайтарилган. 

Ўтган ҳафтада Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Сурияда озод қилинган ўзбекистонлик аёллар ва болаларни олиб чиқиб кетишга ваъда берганди.