Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 7-бандида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига вазирликнинг расмий сайтида жойлаштириладиган, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги ягона, ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар базасини яратиш ҳамда унинг мунтазам равишда янгиланиб турилишини таъминлаш вазифаси топширилган.

Адлия вазирлигининг «Фейсбукда»ги саҳифасида эълон қилинишича, мазкур давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари тўғрисидаги ягона маълумотлар электрон базаси дастурининг ўз вақтида, сифатли ҳамда бепул бажарилишида «QWERTY» корхонаси дастурчилари томонидан вазирликка катта амалий ёрдам кўрсатилди.

Мазкур дастурда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларида фаолият юритаётган 3040 ходимлар тўғрисида шахсий маълумотлар, уларнинг аттестациядан ўтганлиги ва малака оширганлиги ҳамда мартаба даражаларига эга экани ҳамда вакант жойлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатиб ўтилган.

Бугунги кунда, мазкур маълумотлар базаси Адлия вазирлигининг расмий сайти (minjust.uz/uz/interactive/vakancy/)да ҳамда www.jurist.wintech.uz сайтида жойлаштирилган бўлиб ундан ҳамма эркин фойдаланиши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматларидаги бўш иш ўринлари тўғрисидаги ягона ва барча учун эркин фойдаланиш имкони бўлган маълумотлар базасини яратишда қўшган ҳиссаси учун «QWERTY» корхонасининг директори Дмитрий Сергеевич Пономарёв Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирланди.