Республика саноат корхоналарида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнларининг жадаллашиши натижасида 2017 йилнинг январь–сентябрь ойларида 99 060,5 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланиб, ўсиш суръати 2016 йилнинг тегишли даврига нисбатан 105,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилади.

Ўз навбатида, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш натижасида меҳнат унумдорлиги ўтган йилнинг январь–сентябрь ойларига нисбатан 3,9 фоизга ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш индекси эса 104,1 фоизни ташкил қилди. 

Шунингдек, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш таркибида кўпроқ қайта ишлаш саноатига тўғри келиб, унинг улуши 79,0 фоизни ташкил этди (2016 йилнинг январь–сентябр ойларига нисбатан ўсиш суръати 105,1 фоиз). Тоғ–кон саноати ва очиқ конларни ишлаш улуши 11,7 фоизни (ўсиш суръати 108,4 фоиз), электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш улуши 8,6 фоизни (ўсиш суръати 107,2 фоиз), сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш улуши 0,7 фоизни (ўсиш суръати 109,9 фоиз) ташкил қилди.

Хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб–қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чора–тадбирларни амалга оширилиши, кичик бизнес томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2016 йилнинг январ-сентябр ойларига нисбатан 0,4 фоизга ошишини таъминлади. Агарда жами саноатда кичик бизнеснинг улуши 41,2 фоизни ташкил этган бўлса, қайта ишлаш саноатида унинг улуши 51,0 фоизни ташкил этди.

Тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастурининг амалга оширилиши, республика саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришининг ривожланишига ўз таъсирини кўрсатди, мазкур дастур доирасида 2017 йилнинг январь–сентябрь ойларида 5,8 трлн. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 350,9 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилинди ва 2169 та янги иш ўринлари яратилди.

Тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришини рағбатлантириш ва турларини кенгайтириш натижасида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 2016 йилнинг январь-сентябрь ойларига нисбатан 105,0 фоизга ва жами саноат ишлаб чиқариш ҳажмидаги улушини эса ўтган йилнинг мос давридаги 39,8, фоиздан 41,5 фоизга ўсишини таъминлади.