2017 йил январь–сентябрида асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми миллий валютада 39 536,1 млрд. сўмни (АҚШ доллари эквивалентидаги ҳажми – 9,6 миллиард АҚШ долларини) ёки 2016 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 101,0 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилади.

Асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми ЯИМга нисбати 23,2 фоизни ташкил қилиб, 2016 йил январь–сентябрига нисбатан 1,4 фоизга камайди.

Давлат бюджетидан ажратилган инвестициялар ижтимоий соҳани ва ҳаётий таъминот тизимини қўллаб-қувватлашга, Ўзбекистон Республикаси инфраструктурасини ривожлантиришга қаратилган манзилли инвестиция дастурларини амалга ошириш учун йўналтирилган.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича тоғ–кон саноатида – 8 054,7 млрд. сўм (жами инвестициялар ҳажмида 20,4 фоиз), шундан хом нефть ва табиий газ қазиб олиш – 7 282,8 млрд. сўм (18,4 фоиз), ишлаб чиқариш саноатида – 5 900,7 млрд. сўм, (14,9 фоиз) шундан озиқ–овқат маҳсулотлари, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари– 809,5 млрд. сўм (2,0 фоиз), тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим – 1 156,4 млрд. сўм (2,9 фоиз), кимё маҳсулотлари – 625,7 млрд. сўм (1,6 фоиз), нометалл минерал маҳсулотлар – 791,1 млрд. сўм (2,0 фоиз), металлургия – 760,4 млрд. сўм (1,9 фоиз), электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш – 2 221,1 млрд. сўм (5,6 фоиз), қурилиш – 1 695,4 млрд. сўм (4,3 фоиз), ташиш ва сақлаш– 3 412,3 млрд. сўм (8,6 фоиз), улгуржи ва чакана савдо, моторли транспорт воситалари ва мотоциклларни таъмирлаш – 1 901,4 млрд. сўм (4,8 фоиз), ахборот ва алоқа – 1 063,2 млрд. сўм (2,7 фоиз), профессионал, илмий ва техник фаолият – 565,6 млрд. сўм (1,4 фоиз), таълим – 855,4 млрд. сўм (2,2 фоиз), бошқа иқтисодий фаолият турларидан ташқари: турар жой бинолари қурилишига – 8 436,6 млрд. сўмлик (21,3 фоиз) инвестициялар ўзлаштирилди.