Бу дунёнинг ҳикматларидан бири шундаки, у инсон билан ҳисоблашмайди ва тақдир измига бўйсунади. Шунинг учун “тақдир экан...”, деган жумла жуда кўп бор ишлатилади. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай. Пешонада ёзилганидан қочиб бўлмайди, аммо...

Келинг, шу ўринда KUN.UZ электрон почтасига юборилган мактуб билан яқиндан танишсак. Унда, жумладан, шундай дейилади: 

“Ассалому алайкум. Исмим Абдуллаев Санжар Зарифович. 1984 йилнинг 14 ноябрида туғилганман. Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри, Чоштепа қишлоғи, 4-уйда истиқомат қиламан.

Мен 2005 йил 3 январь ойидан жигар циррози гепатити Б вируси касаллиги билан оғриб келмоқдаман. Мана, 13 йилдан бери ҳар 3-4 ойда шифохонада даволаниб келяпман. Лекин тузалиб кетмаяпман. Аҳволим кундан-кун оғирлашиб бормоқда. Ҳозирги кунда гепатит Б вирусига гепатит Д вируси ҳам қўшилган. Шифокорлар бундай ҳолатда даволаниб юришим яна 3-4 йил давом этишини айтишди. Чунки қорнимда сув йиғиляпти, варикоз томирларим ҳам кенгайган, қон кетиш хавфи борлигини айтишди. Тез-тез бурним ҳам қонаб туради.

Шифохонада ётганимда Ҳиндистон давлатида жигар кўчириш операцияси ҳақида эшитдим ва шу операцияни қилдирган одамлар билан учрашдим. Уларнинг соғломлигини кўриб менда ҳам мазкур операцияни ўтказиш ва шу орқали соғайиб кетиш умиди уйғонди. Тошкентга Ҳиндистоннинг “Артемис” клиникасидан келган шифокор Маанзор Аҳмад Мир қабулига ёзилиб учрашдим. Аҳволимни кўрди ва менга жигар кўчириш амалиётини қилишса, соғайиб кетишимга 90 фоиз кафолат берди. Бу операция учун 40 минг АҚШ доллари керак бўлар экан, лекин менда бу маблағ йўқ.

Дадам 2012 йил бу касалимни уйлаб, юрак хасталиги билан вафот этдилар. Онам эса нафақага чиққанлар, ҳеч қаерда ишламайдилар. Онамга ҳам бирон кор-хол бўлиб қолишидан қўрқаман. Акамни топгани мени дори-дармоним ва ўз оиласидан ортмаяпти. Менга бериладиган ногиронлик нафақаси эса энг кам иш ҳақи миқдоридаки, 149 минг сўмни ташкил этади. Булардан орттириб Ҳиндистон давлатига боришга имкониятим йўқ. Мен ҳам тенгқурларим қатори уйланиб, оила қуриб, фарзандли бўлишни хоҳлайман. 13 йилдан бери шу дард билан курашиб келмоқдаман. Мен ҳам яшашни, соғайиб кетишни жуда-жуда хоҳлайман. Илтимос, менга ушбу операцияни амалга ошириш учун молиявий ёрдам берингизлар. Бу яхшилигингизни умрбод унутмайман, умримнинг охиригача сизларни дуо қилиб яшайман...”.

Шу ерда мурожаат хати тугайди. Боя бошда гапимиз чала қолганди. Бутун дунё, жумладан, инсоният ҳам тақдири азал измига бўйсуниб яшайди. Аммо... Аммо дуогина тақдирни ўзгартириб юборишга қодир экан. Буни жуда кўп уламолар тасдиқлашган.

Санжар Абдуллаевга моддий ёрдам кўрсатиш ва унинг дуосини олиш, бу орқали икки дунё саодатига эришишни истовчилар учун қўшимча маълумотлар:

Ҳисоб-рақами: 23120000500000166001
МФО-00166
Пластик карта рақами: 8600 0417 2372 3764 (Абдуллаев Санжар Зарифович)
Телефон рақами: +998911911443, +998 90 2884584