184 та давлатдан 15364 олим томондан имзоланган мурожаатда инсониятга хавф солаётган бош таҳдидлар санаб ўтилди. “Инсониятга иккинчи бундай огоҳлантириш” BioScience журналида чоп этилди.

Олимлар сайёрамизнинг экотизимига хавф солаётган бош таҳдид сифатида глобал исишни айтишган. 1992 йилдан бери дунё бўйича ўртача ҳаво ҳарорати 0,5 градусга кўтарилган, карбонат ангидриднинг йиллик ўртача чиқарилиши 62 фоизга ошган.

Чучук сув манбалари камайган, ўрмонлар ҳудудлари қисқарган ва океанда “ўлик”, яъни кислород кам бўлган ҳудудлар ўлчами катталашган.

Мутахассислар хлорфторуглеродлардан секин-аста воз кечиш озон қатламидаги емирилишнинг қисқаришига олиб келганини ижобий баҳолашган. 

Олимларнинг фикрича, охирги чорак аср давомида Ер аҳолиси 2 млрд га кўпайган. Бу орада қолган сут эмизувчилар, судралиб юрувчилар, балиқларнинг популяцияси 30 фоизга камайган.

Олимларнинг таъкидлашича, инсоният табиий захиралардан нооқилона фойдаланилаётгани ва одамларнинг тобора кўпайиб бораётгани билан ҳисоблашмай, ўз келажагини хавф остига қўймоқда. 

Мурожаатда олимлар экология соҳасида кескин ва қатъий ҳаракатларни амалга оширишга чақиришган. Жумладан, улар инсониятнинг экотизимга салбий таъсирини камайтириши мумкин бўлган 13 чорани таклиф қилишган.

Улар инсониятга тикланувчи энергияга ўтиш, туғилиш устидан назорат ўрнатиш, захиралардан оқилона фойдаланиш ва табиатни қўриқлаш, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш ва бойлик ортидан қувишни бас қилишни тавсия қилишмоқда.

Бу иккинчи шундай мурожаатдир: биринчиси 1992 йилда ёзилган. Ўша мурожаатни 1,7 мингдан кўпроқ олим имзолаган. Ўшанда олимларнинг ташвишланишига инсониятнинг таъсири оқибатида сайёрамиз биосферасининг барбод бўлаётгани сабаб бўлганди.