2016 йил ва 2017 йилнинг биринчи ярим йилида Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний меҳнат ва жинсий эксплуатацияга жалб қилиш мақсадида чет элларга чиқариш билан шуғулланган 216 кишининг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий матбуот марказида ташкил этилган брифингда МХХ матбуот маркази катта ходими Лола Йўлчибоева маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, кейинчалик, ушланганларга нисбатан ЎзР ЖКнинг 135-моддаси (одам савдоси) бўйича жиноий ишлар қўзғатилган.

Йўлчибоеванинг айтишича, шу йўналишдаги жиноий ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, одам савдосига ихтисослашган маҳаллий уюшган жиноий гуруҳлар Қозоғистон, Россия, Туркия, БАА, Осиё-Тинч океани минтақаси (ОТОМ) ва ЕИ мамлакатларидаги шу каби жиноий гуруҳлар билан бирлашиб, халқаро жиноий тармоққа айланмоқда. 

Ўзбекистон фуқароларини БАА, Туркия, АҚШ, ОТОМ ва ЕИга етказишда Қозоғистон, Қирғизистон, РФ, Озарбойжон ва Украина орқали ўтувчи трафикдан фойдаланилмоқда.

Таъкидланишича, МДҲ мамлакатларига олиб чиқишда қалбаки виза ва чиқиш қайдларига эга бўлган миллий паспортлардан, бошқа давлатларнинг сохта паспортлари қўлланилмоқда.