ҚҲТБТ порталида Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона марказлар орқали электрон рақамли имзоларни рўйхатга олиш ва электрон рақамли имзолар сертификатларини бериш тартиби тўғрисида низом тақдим этилган. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Низом барча давлат хизматлари ва тижорат банклари хизматларидан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун ЭРИ калитларини рўйхатга олиш ва сертификатларни бериш тартибини белгилайди.

Маълумот учун: ЭРИ – бу электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини ЭРИнинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда ЭРИнинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо.

Мурожаат қилиш тартиби

Тадбиркорлик субъектлари-юридик шахслар ва жисмоний шахслар (ариза берувчилар) шахсан келиб ёки почта алоқаси орқали, шунингдек ЯИДХП орқали электрон шаклда “ягона дарча” ягона марказига мурожаат қилишлари ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим бўлади:

•  ариза;
•  шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, фуқаролиги бўлмаган шахснинг гувоҳномаси);
•  ЭРИ калитларини ва сертификатини электрон ҳужжат шаклида ёзиш ва сақлаш учун ўзга манба.

Эслатиб ўтамиз, “ягона дарча” ягона марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида ташкил этилган.

Рўйхатга олиш босқичлари

Ушбу тартибот алгоритми қуйидагича бўлади:

•  “ягона дарча” аризани рўйхатдан ўтказади ва 30 дақиқа ичида уни электрон форматда ваколатли органга юборади;
•  ваколатли орган 1 иш соати мобайнида аризани кўриб чиқади ва ЭРИ калитлари ва сертификатини рўйхатга олишни расмийлаштиради, шундан сўнг натижани “ягона дарчага” электрон форматда юборади;
•  марказ 1 иш соати ичида ариза берувчини хабардор қилади ва барча зарур ҳужжатларни расмийлаштиради;
•  ЭРИнинг ёпиқ калити пароли ЭРИ эгасининг мобиль телефонига хабар шаклида юборилади.

Агар:

•  аризада ишончли бўлмаган ёки хато маълумотлар тақдим этилган бўлса;
•  ариза берувчи ЭРИ сертификатини бериш учун тўловни амалга оширмаган бўлса ЭРИ сертификатини бериш рад этилади.

ЭРИни рўйхатга олиш учун тўлов миқдори ваколатли орган томонидан белгиланади.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.