Учқўрғонлик Алишер Аҳмедов бозор расталарини айланиб юриб, тирикчилик ўтказиш учун ажойиб ғоялар ўйлаб топди. Уйига қайтар экан, бир неча режалар тузди ва Андижон шаҳрига қўлбола усулда ясалган мойжувоз сотиб олиш учун йўл олди. Тузган режаларининг “маҳсули” тез орада натижа берди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Қўлбола усулда ёғ маҳсулоти тайёрлашни кўзлаб, нотурар жойга яширин равишда цех ташкил этди. 2017 йил 18 апрель куни Учқўрғон деҳқон бозоридан ноқонуний йўллар билан бўлса-да, чўнтагини мўмай даромад билан бойитиш илинжида ҳар нарсага тайёр, ўзига ўхшаган ҳамтовоқларидан чигит маҳсулотини сотиб олди-ю, ишхонаси сари шошилди. 2 нафар ёлланма ишчи ёрдамида қўлбола ёғни тайёр ҳолатга келтирди.

“Ана энди бозорга олиб бориб пуллаш қолди”, - дея хаёлан қанча фойда олишни ҳисоблашга киришди.

Ошиғини олчи санаган “тадбиркор” ўйлаган мақсадига ета олмади. Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг Норин туман бўлими томонидан ўтказилган тадбирда унинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Назорат текширувида А.Аҳмедов ташкил қилган яширин цехдаги мойжувоз, 5 406 килограмм пахта чигити, 224 килограмм кунжара, 81,6 килограмм қўлбола усулда тайёрланган пахта ёғи, турли ўлчамдаги электр симлар, ёғ қуйиш учун олиб келинган идишлар ашёвий далиллар сифатида ҳужжатлаштирилди. Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган жами 81,6 килограмм ёғ маҳсулоти истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли, деб топилди.

Ишбилармон “тадбиркор”га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари давлат даромадига ушланган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.