Блогер ва журналист Бекзод Ҳидоятов ўз блогида Тошкент темир йўл вокзалида қўпол имло хатоларига йўл қўйилганига эътибор қаратди.

Хориждаги турли транспорт воситалари хизматидан фойдаланган инсонлар жуда яхши билади: бекатдаги ҳар хил эълонлар дастлаб ўша мамлакатнинг давлат тили, сўнг ажнабий тилда ёзилган. Чунки...

Ҳа майли, бу ҳақда кейинроқ...

Олинган чиптани қайтариш учун Тошкент вокзалидаги темир йўл кассасига ошнам билан бирга бордик. Шу иш билан шуғулланувчи бўлим техник носозлик туфайли мижозларга қарийб 15 дақиқа хизмат кўрсатмади. Темир йўл чиптасини қайтариш билан боғлиқ муҳим маълумотлар билан танишдик.

Дастлаб, нигоҳимиз маъмуриятнинг мана бу эслатмасига тушди:

Ҳақсиз. Аслида, (рус тилидан ўзбек тилига нўноқ таржима қилинганини айтмаса) бундай ёзилиши керак эди, тўғрими?

Пастдаги эълон юқоридагисидан мустасно эмас:

Ўзбек тили, унинг имло қоидаларига бўлган бундай беписандликни барча эълон ва эслатмаларда учратиш мумкин. Юқоридагилар улардан айрим мисоллар холос. Марказий темир йўл кассасидаги манзара шундай бўлса, қуйи бўлимлардаги ҳолат қай аҳволда эканини тасаввур қилиш мушкул эмас. Касса мамлакатимиз фуқаролари, хорижлик меҳмонлар билан гавжум. Эълонларнинг «саводи»ни кўрган меҳмонлар салбий таассуротга эга бўлиши табиий. Самарқанд, Шаҳрисабз, Хива сингари тарихий масканларга поездда боришнинг завқи ўзгача. Шу ва бошқа хатоларни тузатиб қўйиш «Ўзбекистон темир йўллари» учун «Қамчиқ» туннелини очишдек қийин иш эмас, деб ўйлайман. Юртимиз иқтисодиётининг қон томири ҳисобланган темир йўлларининг давлат тилига айри кўз билан қараши, очиғи, кишини таажжублантиради.

Хориждаги турли транспорт воситалари хизматидан фойдаланган инсонлар жуда яхши билади: бекатдаги ҳар хил эълонлар дастлаб ўша мамлакатнинг давлат тили, сўнг ажнабий тилда ёзилган. Чунки, бири эҳтиром, садоқат сингари маъноларни ифодаласа, иккинчиси меҳмонларга бўлган ҳурматни англатади. Шу боис, имловий у ёқда турсин, ҳатто, тиниш белгиларини қўллашда ҳам хатоликка йўл қўймасликка ҳаракат қилишади.

Ўзбек тилига муносабатимизни, меҳмонларга ҳурматимизни бундай йўсинда кўрсатмайлик.