​Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Меҳнат органларига бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида ва ишдан озод этилиши мўлжалланаётган ходимлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутган ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Асосий ўзгартиришлардан бири бу меҳнат органларига бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжудлиги тўғрисида ва ишдан озод этилиши мўлжалланаётган ходимлар ҳақидаги маълумотларни, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча иш берувчи – юридик шахслар томонидан тақдим этилишини назарда тутади. Шу билан бирга, кичик тадбиркорлик субъектлари бу маълумотларни ихтиёрий тартибда тақдим этишлари мумкинлиги белгиланди.

Шунингдек, мазкур маълумотларни тақдим этиш тартиби такомиллаштирилди. Амалдаги тартибга кўра бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар Бандликка кўмаклашиш марказларига фақат қоғоз кўринишида тақдим этилиши мумкин эди. Эндиликда, бу маълумотлар иш берувчи – юридик шахслар томонидан уларнинг мансабдор шахсининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг порталига (веб-сайт – ish.mehnat.uz) ҳар ойда жойлаштирилиб борилади.

Иш берувчининг электрон рақамли имзоси ёки информацион-коммуникацион технологиялардан фойдаланиш имконияти бўлмаганда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар қоғоз шаклида аввалги тартибга кўра тақдим этилади.

Шунингдек, ҳужжат билан Бандликка кўмаклашиш маркази ходимларининг жавобгарлиги кучайтирилди, хусусан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг порталига (веб-сайт – ish.mehnat.uz) ҳаққоний бўлмаган маълумотларни киритилганлиги учун Бандликка кўмаклашиш маркази ходимларига нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари қўлланилади.