12 ноябрь куни Эронда кузатилган кучли ер қимирлашида энг камида 450 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда қутқарув амалиётини якунлаган гуруҳ маълумотига таянган ҳолда Reuters хабар берди.

Мамлакат телевидениеси кўрсатган лавҳада минглаб кишиларнинг бошпанасиз қолгани акс этган. Ҳалокатдан омон қолганлар тоза ичимлик суви, овқат ва тиббий дармонларсиз бир кечани тунаб ўтказди.

Кирмоншоҳ шаҳри яқинида юз берган зилзила яқин атрофдаги 14 провинцияда ҳам сезилган. Мудҳиш воқеанинг эртасига президент Ҳасан Руҳоний Кирмоншоҳга етиб келган. Ҳанузгача давом этаётган афтершок (зилзиладан сўнг қайта силкиниш) ҳолати 193 марта кузатилди.

«Кирмоншоҳ шаҳридаги тезкор-қутқарув амалиёти якунланди», деб хабар берди мамлакат Тез тиббий ёрдам хизмати раҳбари Пир-Ҳусайн Коливанд.

«Биз энди омон қолганлар ҳақида қайғуришимиз лозим. Улар овқат ва бошпанага муҳтож», дейди ҳоким Қасри Ширин Фарамарз Акбарий.

Эрон ҳукумати тарқатган расмий хабарга кўра, зилзила юз берган ҳудудда 30,000 га яқин уй зиён кўрди.