Миллий хавфсизлик хизмати валюта савдоси билан ноқонуний шуғулланувчиларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига чек қўйиш бўйича бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишда давом этмоқда. Натижада, бугунги кунда, агар зарур бўлса, фуқаролар ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан, исталган банк бўлинмасида валютани эркин алмаштириши ёки сотиб олиши мумкин. Шу билан бирга, бозорлар ва кишилар гавжум бўладиган жойларнинг катта қисми валютафурушларнинг “жойи” бўлишдан тўхтади. Улар нафақат фуқароларни алдаган, балки мамлакат иқтисодиётига сезиларли даражада зарар ҳам етказган.
 
Куни кеча тезкор ходимлар қатор тадбирларни ўтказишди, улар давомида навбатдаги валютафурушлар фаолиятига чек қўйилди. Хусусан, МХХ тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан биргаликда Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи 31 ёшли Асилбек Ғоффоровни 5,9 минг АҚШ долларини 48 млн. 85 минг сўмга (бир доллар учун 8150 сўмлик курсда) сотаётган вақтида ушлашди.

"Бундан ташқари, Жиззахда 37 ёшли Икром Холиқов 2,2 минг АҚШ долларини 17,6 миллион сўмга сотиб олаётганда қўлга олинди. Шунингдек, унинг ёнидан 28,9 миллион сўм топилиб, ҳужжатлаштириб олинди. Терговга қадар тадбирлар давомида аниқланишича, Холиқов жорий йилнинг январида Жиззах шаҳар суди томонидан валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун маъмурий жавобгарликка тортилган", - дея таъкидлаб ўтди МХХ вакили.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) бўйича жиноий иш қўзғатди.