Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида  хабар берди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши “Ёшлар пресс-клуби” залида ўтказилган тантанали тадбирда ҳарбий хизматчилар, иқтидорли ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбир аввалида ёшларга Қуролли кучлар давлат музейида сақланаётган тарихий экспонатлардан намуналар, қўлёзмалар, оғир ҳарбий техника макетлари ва бошқа қурол-аслаҳалар намойиш қилинди. 

Имзоланган меморандум Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисм ва муассасаларида Ёшлар иттифоқининг бошланғич тузилмаларини тузиш ва фаолиятини йўлга қўйиш, ёш ҳарбий хизматчилар учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташаббусларини рағбатлантириш, ёш ҳарбий хизматчиларнинг, шу жумладан, чақирувга қадар ёшларнинг турли мафкуравий таҳдидларга, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетини шакллантириш, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёшлар сафини кенгайтириш каби улуғвор мақсадларга хизмат қилади. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, ҳудудларда “Жасорат” клублари фаолиятини шакллантириш, “Ёшлар поезди” тарғибот акциясида ҳарбий хизматчиларнинг ҳам фаол иштирокини таъминлаш, армия мактабини ўтаган ёшлар билан мунтазам алоқани йўлга қўйиш, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ўғлонларни ишга жойлаштириш, бандлигини таъминлаш каби кенг кўламли ишлар кўзда тутилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал майор Абдусалом Азизов, Президентнинг давлат маслаҳатчиси, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев сўзга чиқди. Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан сақлаш масаласи барчамиз учун энг асосий вазифа ҳисобланиши, шу маънода мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш, ёш авлод ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтиришда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мустаҳкам ўрин эгаллаётгани таъкидланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тадбир давомида иштирокчиларга меморандумнинг мазмун-моҳияти етказилди, барча саволларга атрофлича жавоблар берилди. 

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Қуролли кучлар марказий ашула ва рақс ансамблининг концерт дастури намойиш қилинди.