Давлат чегараларини қўриқлаш бўйича Қўмита вакилининг таъкидлашича, жорий йилнинг октябрь ойида чегарачилар 127 қоидабузарни қўлга олишди, жумладан, Қирғизистон билан чегарада – 64, Қозоғистон – 45, Тожикистон – 16 ҳамда Туркманистон – 2. Афғонистон билан чегарада қоидабузарликлар қайд қилинмади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон чегараси орқали 1,8 миллиард сўмдан ортиқ товар-моддий бойликларни ноқонуний олиб ўтиш бўйича ҳаракатларга чек қўйилди. Товарлар орасида, асосан, уяли телефонлар, маиший техника ва турли контрафакт маҳсулотлар бор. Таъкидлаб ўтиш жоизки, ушланган товарларнинг асосий қисми Қирғизистон ҳамда Тожикистон билан чегара ҳиссасига тўғри келади.

"Мисол учун, 13 октябрь куни Қирғизистон билан чегарада чегарачилар томонидан республикага миқдори 36 миллион сўмдан ошиқроқ бўлган телевизорларни ноқонуний олиб кириш ҳолатига чек қўйилди. Кўрсатилган юк Фарғона туманининг Майдон аҳоли пункти ҳудудида қўлга олинди. 17 октябрда Тошкент вилояти Бекобод шаҳри "Цементчи" маҳалласи ҳудудида Тожикистондан олиб кирилаётган уяли телефонларнинг йирик партияси қўлга тушди. Бу партиянинг умумий қиймати 878 миллион сўмга баҳоланди", - дея таъкидлаб ўтди МХХ ДЧҚҚ вакили.

Шунингдек, 29 октябрь куни Қирғизистон билан чегарада, Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри Валик аҳоли пунктида уч қирғизистонлик фуқаро ушланди, улар Ўзбекистонга 58 миллион сўмдан ортиқроқ контрафакт маҳсулотни олиб киришга уринишган.

Барча қўлга олинган товарлар, суҳбатдошнинг сўзларига кўра, давлат даромадига ўтказилди, қўлга олинган шахсларга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тегишли чоралар кўрилди.