Американинг смартфонлар учун микросхемалар ишлаб чиқарувчи Qualcomm компанияси рақобатчиси Broadcom Ltd. компаниясининг 105 млрд долларлик таклифини рад этди. Бундан ташқари, Broadcom рақобатчисининг 25 млрд долларлик қарзини ҳам қоплашини билдирди. Бу ҳақда Business Insider ёзмоқда.

Qualcomm директорлар кенгаши бир овоздан таклифни рад этишга қарор қилди. Компаниянинг изоҳ беришича, Broadcom «компаниянинг етакчилик ўрнини ва унинг ўсиш истиқболларини етарли баҳоламаган». Шунга қарамай, ушбу битим амалга ошганида микроэлектроника соҳасидаги энг йирик келишув бўлиши мумкин эди. 

Дунёда микросхемалар ишлаб чиқариш бўйича 4-ўринда борувчи Broadcom Qualcomm компаниясининг ҳар бир акциясига 70 доллардан тўлашга тайёр эканини билдирган эди. Умуман олганда Broadcom таклифини микросхемалар бозорида ўз улушини кўпайтиришга уриниш, деб баҳолаш мумкин. 

Бугунги кунда Qualcomm ўзининг йирик харидори Apple корпорацияси билан келишмай қолгани сабабли молиявий қийин вазиятга тушиб қолган. Компаниялар бирлашганида Intel  ва Samsung компанияларидан кейинги учинчи йирик компанияга айланар эди.