Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳукумат Сурия ва Ироқдаги қайноқ нуқталарда қолаётган аёллар ва болаларни уйларига қайтариш бўйича катта ишни амалга ошираётганини ва бу иш катта хавф билан боғлиқлигини айтиб ўтди. У бирорта ҳам россияликни бу мушкул вазиятда қолдирмасликка ваъда берди.

13 ноябрда Грознийга Сурияда озод қилинган 41 аёл ва болалар етказилди. Улар орасида Ўзбекистоннинг 2 нафар фуқароси  ҳам бўлган.

“Аввалроқ биз Сурия ва Ироқдан 48 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлгандик. Бу рақамлар ортида ҳаёт учун хавфли бўлган улкан иш бор. Биз умумий ҳолда 89 кишини қайтардик. Бу иш нафақат юртдошларимиз, балки МДҲ давлатлари фуқароларини ҳам қамраб олган. Федерал марказ билан ҳамкорликда аёллар ва болаларнинг жойлашган ўрни, уларнинг шахсини аниқлаш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда”, деб ёзган Қодиров Instagram’да.

Қодиров, шунингдек, ўзининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларидаги вакили Зиёд Сабсабийга, Суриядаги россиялик ҳарбийларга миннатдорлик билдирди. Қодировнинг айтишича, улар жуда мураккаб ташкилий муаммоларни ҳал қилишда максимал кўмак кўрсатмоқдалар.

“Биз ушбу вазифа тўлиқ бажарилмагунга қадар ишни тўхтатмаймиз. Россиянинг бирорта фуқаросини кулфатда қолдирмаймиз!”, деб қўшимча қилган Чеченистон раҳбари.