Расмий Кремль медиа маконда ижобий янгиликлар яратилишини хоҳлайди, деб хабар беради Reuters. Россия ҳукумати томонидан тасдиқланган ҳужжат матнида ёзилишича, мамлакатда фаолият олиб бораётган йирик медиа компанияларга ана шундай «тавсия» ​берилган.

Reuters мухбири танишиб чиққан етти варақли ҳужжатда ҳукумат компанияларга «янги ишчи ўрни яратилиши, илмий ютуқлар ва янги инфратузилма, айниқса, давлат иштирокидаги лойиҳаларни» ёритишни «тавсия» этган. Ҳужжатга илова қилинган матнда «янгиликларни қандай кўринишда тақдим этиш йўриқномаси» ҳам келтирилган.

Мазкур ҳужжат Россия Энергетика вазирлиги томонидан октябрь ойида 45та тармоқнинг йирик компаниялари, жумладан, Роснефть, Лукойл, Новатек вакилларига юборилган.

«Аҳоли турмуш даражаси бир мунча ошди, янги имконият ва лойиҳалар кўпаймоқда. Аммо бу каби ислоҳотлар медиа назаридан четда қолмоқда», дейилади ҳужжат матнида.

Маълумот учун, Россия Федерацияси президентлиги сайлови учун номзодлар жорий йилнинг 7 декабрь кунидан бошлаб рўйхатга олинади. Катта эҳтимол билан, амалдаги президент Владимир Путин ўз номзодини яна тақдим этиши мумкин. Гарчи ҳужжат матнида сайлов тўғрисида сўз юритилмаган бўлсада, «аввал вазият қандай бўлгани ва қандай натижаларга эришилгани, ҳаёт тарзи ижобий ўзгариши» ҳақида материалларни кўпайтиришни ҳукумат билдириб турибди.