Албатта бугунги кунда Марк Цукерберг, Жефф Безос ва Илон Маск ҳақида эшитмаган кам топилса керак. Аммо Патрик Коллисон, Дэвид Залик ёки Люси Пэнни биласизми? Сўнгги вақтларда «технология миллиардерлари» сафини кўплаб янги аъзолар тўлдирди. Уларнинг кўпчилиги ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Қуйидаги рўйхатни тузишда Forbes ва Bloomberg Billionaires рўйхатларидан фойдаланилди. Улар технологик саноатнинг турли соҳаларида фаолият юритади ва умумий қиймати миллиардлаб долларни ташкил этувчи активларга эгалик қилади. Демак, танишинг янги технологик миллиардерлар авлоди. 

Outcome Health бош директори Риши Шоҳнинг ёши 31 да бўлишига қарамай, 3,6 млрд доллар бойликка эга. У асос солган Outcome Health соғлиқни сақлаш соҳасида технология ечимларини таклиф қилади. 

Фото: Риши Шоҳ

Шифокорлар оиласида вояга етган Шоҳ Outcome Health компаниясига асос солиш учун Шимоли-Ғарбий университетдаги таҳсилини тўхтатди. Компания президенти ҳисобланган Шрадха Агарвал унинг дўсти ва ҳаммуассисдир. Outcome Health тиббиёт муассасалари учун планшетлар ва бошқа сенсорли қурилмаларни сотади. Шунингдек, шифокорларга беморлар билан мулоқот чоғида ташхис қўйиш учун ёрдам берадиган дастурий таъминотларни тақдим этади. Қурилмаларда рекламалар ҳам пайдо бўлиб туради. 2017 йил май ойида Outcome Health қиймати 5,6 млрд долларга баҳоланган. Шоҳ компаниянинг 80 фоизига эгалик қилади. 

Фото: Фрэнк Ван

DJI Technology бош директори ва асосчиси 37 ёшли Фрэнк Ваннинг бойлиги 3,2 млрд доллар. DJI Technology Хитойнинг дронлар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниясидир. DJI Technology учувчисиз учувчи қурилмалар кенг тарқалмасдан аввалроқ уларни ишлаб чиқарган ва сотиш билан шуғулланган. Эндиликда бу катта бизнесга айланди. Goldman Sachs ҳисоб-китобларига кўра, 2016-2020 йилларда турли бозорлардаги харидорлар дронлар харидига 100 млрд долларга яқин маблағ сарфлайди. Бунда DJI компаниясининг истеъмол ва тижорат бозоридаги улуши 70 фоизга яқинни ташкил этган. Ҳонгконг фан ва техника университети талабаси Ван 2006 йилда компанияга асос солган. Шундан бери у бозор етакчиси ҳисобланади. 2017 йилда Осиёнинг энг ёш «технологик» миллиардери бўлди. 

Фото: Ян Кум

WhatsApp бош директори Ян Кум 41 ёшида 9,7 млрд доллар бойликка эга. У асос солган WhatsApp компанияси хабарларни алмашув хизматини таклиф этади. Кум 16 ёшлик вақтида онаси билан Украинадан Маунтин-Вьюга кўчиб келган. Оила анча қашшоқ яшаган. Агар ижтимоий ёрдам бўлмаганида пул егуликка ҳам зўрға етган. Аммо катта синфда ўқиётган вақтда Ян дастурлашни мустақил равишда ўргана бошлади. Бир неча йилдан сўнг уни Yahoo! компанияси муҳандис сифатида ишга ёллади. Оилавий шароитини яхшилаб олган Кум компаниядан кетиб, Facebook компаниясига ишга киришга уринган, бироқ танловдан ўта олмаган. Ўшанда Кум ва ҳамуассис Брайан Актон WhatsApp мессенжер тармоғига асос солди. Дастлаб дўстларга фикрларни улашиш имконини берган илова тез орада мессенжерга айланди. 2012 йили WhatsApp Facebook бош директори Марк Цукерберг эътиборини тортди. Нақ 2 йил давом этган музокаралар натижасида 2014 йили Цукерберг WhatsApp компаниясини 22 млрд долларга харид қилишни таклиф қилди. Шундан буён Facebook акциялари ҳам сезиларли қимматлашди. 

Фото: Брайан Актон

WhatsApp ҳаммуассиси 45 ёшли Брайан Актон бойлиги 6,7 млрд доллар. Айни вақтда компанияни тарк этган Актон фаолиятининг аксар қисмида Кум билан тандем ҳосил қилган. Улар Yahoo! компаниясида ҳам бирга ишлаган, бирга Жанубий Америкага саёҳат қилган, биргаликда Facebook компаниясига ишга кирмоқчи бўлган. Бироқ яқинда у нотижорат компаниясига асос солиш учун Facebook ва WhatsApp компанияларини тарк этди.

Фото: Адам Нейман

WeWork компанияси бош директори Адам Нейман 38 ёшда. Унинг бойлиги 2,6 млрд доллар экани айтилади. WeWork коворкинглар тармоғи ҳисобланади. Нейман 2001 йили Исроил армиясида хизмат қилгач, АҚШга кўчиб ўтди. У Бруклинда болалар кийимларини ишлаб чиқариш компаниясини ташкил этиш устида ишлаётган вақтда WeWork ғояси келган. У бўш ётган бино эгасини уни ижарага топширишга рози қилган, шундан сўнг илк коворкинг компанияси — GreenDesk фирмасига асос солган. Бироқ 2010 йили Нейман ва унинг ҳаммуассаси Мигель Маккелвей GreenDesk компаниясидаги улушини сотиб, WeWork компаниясига асос солишган. Бугунги кунда WeWork коворкинглари мамлакатнинг 40 шаҳрида жойлашган. Яқинда Softbank компанияга 3 млрд доллар сармоя киритди. Шундан сўнг, унинг қиймати 21 млрд долларга баҳолана бошланди. 

Фото: Дэвид Залик

GreenSky бош директори Дэвид Залик 43 ёшида 2 млрд доллар маблағга эга. Компания молиявий технологиялар етказиб бериш билан шуғулланади. 4 ёшида Исроилдан Алабамага оиласи билан кўчиб келган Залик вундеркинд бўлган. У 13 ёшида ўрта мактабга кириш ўрнига кириш имтиҳонини муваффақиятли топшириб, Оберн университети талабаси бўлди. Бироқ бир неча йил ўтгач Залик ўқишни ташлаб, ўзининг илк компаниясига асос солди. MicroTech компьютерлар йиғиш билан шуғулланди. 1996 йили у ўз бизнесини сотиб юборди ва бир неча омадсиз лойиҳалардан сўнг GreenSky фирмасига асос солди. У кичик корхоналарга хизматларини кредитларда тўлашга ёрдамлашади. 2014 йили Capital One асосчиларидан бири Найжел Моррис GreenSky фирмасига номаълум миқдорда сармоя киритди. Ўша йили венчур инвесторлари, хусусан TPG, — фирмага қизиқиш билдириб, GreenSky акцияларининг 17 фоизини харид қилди. Шу билан унинг қиймати 1,8 млрд долларга етди. 2016 йили компанияга Fifth Third сармоя киритди. 

Фото: Stripe компанияси президенти Жон ва ижрочи директори Патрик Коллисон

Stripe компанияси президенти Жон ва ижрочи директори Патрик Коллисон ака-ука. Жон 27 ёшда, акаси Патрик 29 ёшда бўлишига қарамай, ҳар бири  1,1 млрд долларга тенг бойлик эгаси. Stripe онлайн тўловлар платформаси ҳисобланади. Жон компанияси президент бўлиб, ҳаммуассис ҳисобланади. Патрик эса бош ижрочи директор ва ҳаммуассисдир. Ака-ука Коллисонлар Марказий Ирландиянинг кичкина қишлоғида вояга етди. Улар ёшлигидан дастурлашга қизиқишган. Улар ўзаро мусобақалашиб ҳам туришган. Патрик 16 ёшида мактабни тугатиб Массачусетс технология институтига ўқишга кирган. Бир неча йилдан сўнг укаси Жон ҳам уни ортидан АҚШга борди ва Ҳарвардга ўқишга кирди. 2009 йили ака-укалар ўқишни ташлашди ва Кремний водийсига йўл олишди ҳамда Stripe компаниясига асос солишди. Бугунги кунда Stripe мижозлари орасида Lyft, Best Buy ва Google каби компаниялар бор. 2016 йил ноябрь ойида компания 9,2 млрд долларга баҳоланган ҳолда 150 млн доллар сармояни жалб қилди. Бу эса ака-укани миллиардерларга айлантирди. 

Фото: Люси Пэн

Ant Financial ижрочи директори Люси Пэн 44 ёшда. Унинг бойлиги 1,14 млрд доллар. Ant Financial мобил тўловлар хизматини тақдим этади. Директорлар кенгашининг ижрочи раиси бўлган Пэн Alibaba компаниясининг 18 нафар ҳаммуассисидан биридир. У ўз фаолияти давомида компаниядаги турли лавозимларни эгаллаб келди. Бир вақтлар AliPay директори ҳам бўлди. Кейинроқ Alibaba AliPay мобил тўлов тизимини ажратиб чиқарди ва Ant Financial номи остида мустақил компанияга айлантирди. Пэн эса компания раҳбарлигида қолди. Яқинда Ant Financial 74,5 миллиард долларга баҳоланди. 2017 мартида Пэн биринчи марта Forbes миллиардерлар рўйхатига киритилди. 

Фото: Сатоси Накамото

Биткоинни ишлаб чиққан Сатоси Накамотонинг ёши, қайси компанияда ишлаши, лавозими, бойлиги номаълум. Bitcoin муаллифи Сатоси Накамото сирли инсон ёки ишлаб чиқувчилар гуруҳининг номи бўлиши эҳтимоли катта. Бу исм-шарифга доир кўплаб тахминлар билдирилган бўлса-да, ҳеч бири тасдиғини топганича йўқ.