Тошкентда 17-19 ноябрь кунлари PROFORM CLASSIC FESTIVAL спорт фестивали бўлиб ўтади. Бу фестивалга 10 та давлат спортчилари таклиф қилинганлар.

Фестиваль дастурига спортнинг бир неча турлари бўйича мусобақалар киритилган. Бу ҳақда Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерацияси маълум қилди.

17 ноябрда “Туркистон” саройида бодибилдинг ва фитнес бўйича чемпионат ўтказилади. 18 ноябрда эса спортнинг куч билан боғлиқ турлари билан шуғулланувчи россиялик спортчи Михаил Кокляев семинар ва мастер-класс ўтказади.

19 ноябрда эса фестиваль меҳмонларини куч экстрими бўйича жаҳон кубоги кутмоқда. Мусобақалар “ЖАР” спорт комплексида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон, Хитой, Ирландия, АҚШ, Польша, Украина, Литва, Беларусь, Болгария, Россия, Қозоғистондан 20 нафар энг кучли спортчи иштирок этади.