13-19 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Глобал тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилмоқда. Тадбир платформасида ёшлар ишбилармонларга янги технология ва ишланмалар ҳақида маълумот бериш, тажрибали тадбиркорларнинг муваффақият сири ҳамда ўзаро фикр алмашиш ҳақида сўз юритилади.

Тадбир ташкилотчилари қаторида GroundZero, Korzinka.uz, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Декос, Савдо-саноат палатаси, Universal Bank, Murad Buildings каби йирик компания, уюшма ҳамда давлат идоралари қайд этилган.

«Олдимизга қандай мақсадни қўйганмиз? Аввало, юртимизда тадбиркорлик маданиятини оммалаштириш ва шахсий тажрибамиз билан ўртоқлашишдир. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда тадбиркорлик қайсидир маънода ривожланди, эндиликда Силикон водийси, Сингапур, Хитой каби давлатларнинг тарихий тажрибасига мурожаат этиш вақти етди», дейди ташкилотчилардан бири сифатида Ҳикмат Абдураҳмонов the Steppe нашрига.

Ҳафталик биринчи кунида тадбиркорлар учун зарур ҳисобланган инфратузилма ҳақида муҳокамалар ташкил этилди. Шунингдек, шу куни мамлакат иқтисодиётида сайёҳликнинг ўрни ва медиа бозор ҳақида шахсий фикрлар билдирилган.

«Мен янги давр ва катта ўзгаришлар бошида турган Ўзбекистондаги тадбиркорлар билан суҳбатлашиб тушуниб етдимки, уларнинг минтақада истиқболи улкан ва зафарли бўлади», дейди TC Holdings асосчиси, TEDx лойиҳаси нотиғи Тал Кетран.

Бугун, 14 ноябрь куни ҳафталик режасида «StartUp'лар куни» этиб белгиланган. Кун давомида Тошкентдаги Инҳа университетида тадбиркорлик сабоқлари бўйича семинарлар ташкиллаштирилади. Сўнгра, стартаплар танлови уюштирилиб, уларнинг бизнесини келгусида ривожлантириш масалалари кўриб чиқилиши мумкин.