Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ҳиндистон, Словения ва Германия фармацевтика компанияларининг шикоят аризаси ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган «MerrymedFarm​» ҚК МЧЖ томонидан «Dr.Reddy'sLaboratoriesLtd.» (Ҳиндистон), «KRKAd.d. tovarnazdravilNovamesto​» (Словения), «Rotiopharm GmbH​» (Германия) компания вакиллари интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузиб келинаётганини билдирган.

Ўрганиш шуни кўрсатдики, қўшма корхона ишлаб чиқараётган «ОМEЗ ДСР», «МРАМБРАБEН» дори воситалари немис ва ҳиндлар томонидан тайёрланадиган «Омез» ҳамда «Амбробене» дори воситаларининг номига жуда ўхшаш қилиб қўйилган.

Шунингдек, «MerrymedFarm​» ҚК МЧЖ ишлаб чиқараётган «Дексаметазон инъекция учун» ва «Ноклофен инъекция учун» дармон-дориларининг уст ёрлиғи, қутининг кўриниши словениялик фармацевтлар ишлаб чиқарувчи дори воситаси билан бир хил қадоқланган.

Қўмитада тузилган махсус комиссия қарорига кўра, мазкур корхона Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган қонунларни бузган, деб топилди. «MerrymedFarm​» ҚК МЧЖ Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида белгиланган ҳолатларни бузгани маълум бўлди. Шу билан бирга, қўмита томонидан йўлга қўйилган хатоларни тўғрилаш учун кўрсатмалар тақдим этилган.